Энди фарзандингизнинг баҳоларини онлайн кузатиб бора оласиз!

  •   DiMaX
  •  1788
  •  29.05.2019 14:28

Энди фарзандингизнинг баҳоларини онлайн кузатиб бора оласиз!

Ота-оналар энди фарзандининг ўқишини, баҳоларини ва ўзлаштиришини онлайн кузатиб бориши мумкин. 29 май куни Халқ таълими вазирлиги ва «Kundalik» компанияси Тошкент мактабларида электрон журнал ва кундаликларни синовдан ўтказди, деб ёзади Minbar нашри.

ЎҚИНГ: Мактабларимизда электрон журналлар ва кундаликлар жорий этилади

Жорий йилнинг апрель-май ойларида «Kundalik» рақамли таълим платформаси пойтахтдаги 53 та умумтаълим мактабида синаб кўрилган эди. Лойиҳанинг биринчи босқичида қатнашган мактаблар синф журналларини бир вақтнинг ўзида қоғоз ва «Kundalik» тизимида электрон шаклда юритишган.

«Kundalik» тизими нимаси билан қулай?

  • «Kundalik» тизими онлайн режимда дарс жадваллари, ўқитувчилар дарс режалари, ўқувчиларнинг дарсдаги иштироки ҳамда ўзлаштиришини электрон журнал ва кундаликларга киритиб бориш имконини беради;
  • таълим муассасасининг статистик ҳисоботларини ишлаб чиқишни таъминлайди;
  • тизим орқали ўқувчилар ва ота-оналар уй вазифалари ҳамда баҳолар ҳақида исталган вақтда маълумот олиши мумкин;
  • бу маълумотлар ҳимояланган ижтимоий тармоқлар орқали тақдим этилади.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг айтишича, 1 сентябргача Тошкент шаҳридаги барча мактабларда электрон журнал ва кундаликлар жорий этилади.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда ўқувчилар учун махсус мобил алоқа дастури ишлаб чиқилиши мумкин

Онлайн тизим ўқитувчиларга ҳам фойдалидир. «Kundalik» компанияси тизимни соҳага жорий этишда ўқитувчилар ва мактаб раҳбарларига ҳам ёрдам беради. Улар журналларни онлайн юритиши, ўқувчиларга баҳо қўйиши мумкин.

Энг муҳими, касаллиги ёки бошқа узрли сабаб билан дарс қолдирган ўқувчи шу платформа орқали масофадан таълим олиш имконига эга.

Халқ таълими вазирлиги ва «Kundalik» компанияси мактабларда электрон журнал ва кундаликларни юритиш лойиҳасини йўлга қўйиш бўйича 2018 йилнинг октябр ойида келишиб олганди. Компания лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш, қўллаб-қувватлаш ва тизимни ривожлантириш харажатларини ўз зиммасига олган.

ЎҚИНГ: Халқ таълими вазирлиги: «Facebook'даги пост бўйича жиноий иш очилди»

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.