Энг кучли Xiaomi смартфони тақдим этилди

Энг кучли Xiaomi смартфони тақдим этилди

Xiaomi'нинг янги Ultra флагмани ниҳоят тақдим этилди. Xiaomi 12S Ultra Leica билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган камера ва энг сўнгги Snapdragon чипига эга бўлди. 

Смартфоннинг қўшимча камералари, аниқроқ қилиб айтганда, ультракенг ва перископ камералари техник жиҳатдан Mi 12 моделиникига ўхшаш. Бироқ асосий сенсор дунёнинг энг кучли смартфон камераси номига даъвогарлик қила олади. 

50.3МП 22 миллиметрли кенг бурчакли камерага Sony компаниясининг бир дюймли IMX989 сенсори ўрнатилди. Бу смартфонлардаги энг катта сенсор ҳисобланади. Шунингдек, 12.5МП режимда тўртта пиксел биттага бирлашиб, энг катта индивидуал 3.2 микрон пикселларни ҳосил қилади. 

Оптика дизайни ва тасвирлаш дастури бўйича Leica камералари Xiaomi 12S Ultra'га юқори тасвирлаш тажрибасини тақдим этади. Бир дюймли сенсор 8P элемент линзаларига эга бўлиб, бу тасвирдаги бир қанча муаммоларга барҳам беради. 

Бундан ташқари, объектив четига сиёҳ қопламаси, тциклик олефин кополимер материали ва спин қоплама технологиясига эга инфрақизил ёруғлик фильтри ўрнатилди. Leica бутун орқа камера модулини Summicron ёрлиғи билан безатди.

Дастурий таъминот нуқтаи назаридан иккита фотографик услуб мавжуд - “Leica Authentic Look“ ва “Leica Vibrant Look“. Leica Authentic Look ёруғлик ва соя контрастига эътибор қаратиб, фотосуратларга чуқурлик қўшиб, табиий тасвирни яратишга қаратилган. Leica Vibrant Look эса Xiaomi'нинг ҳисоблаш фотографияси билан Leica эстетикасидан фойдаланади. Смартфонда, шунингдек, Leica Vivid, Leica Natural, Leica BW Natural ва Leica BW High Contrast каби режимларни топиш мумкин. 

Орқа панелдаги қолган икки камерага тўхталадиган бўлсак, биринчиси 48МП ультракенг камера бўлиб, унга 1/2.0 дюймли Sony IMX586 сенсори ўрнатилган. f/2.2 диафрагмадаги ушбу камера автофокус ва макро имкониятларига эга. Телефото камеранинг диафрагмаси f/1.4 ни ташкил қилади. 

Смартфон 8-битли GPEG ёки юқори HEIF, шунингдек, Adobe Lightroom учун 10-битли DNG PAW файлларини суратга олиши мумкин. Видео ёзиш бўйича қурилма Dolby Vision HDR видео имкониятларини қўллаб-қувватлобчи биринчи Android смартфон бўлди. 10-битли h.265 видеолар HLG'да 4K ва FullHD форматида Rec.2020 ранг майдони билан суратга олинади. 4K форматда 80 Мбит /с гача тезликда 30 кадр ва 60 кадр, 1080p форматда 55 Мбит/с, 60 кадр ва 35 Мбит/с 30 кадр форматда видеолар олиш мумкин.

Xiaomi 12S Ultra смартфонига 3,200 х 1,440 пиксел резолюциядаги 6.73 дюймли E5 Super AMOLED дисплейи ўрнатилган бўлиб, у AdaptiveSync Pro функциясига эга, яъни дисплей 1 гертсдан 120 гертсга автоматик равишда ўтиб ишлай олади. Смартфон 4,860 мАс сиғимли аккумулятор билан жиҳозланган бўлиб, у 67 ватт симсли, 50 ватт симсиз қуввлаш технологиясини қўллаб-қувватлайди, бундан ташқари, гаджет 10 ватт тезликда ўзидан қувват бериши мумкин. 

Қурилма аккумуляторни бошқариш учун иккита махсус Сурге чипига эга - Xiaomi Surge P1 Charging чипи аккумуляторни ҳаддан ташқари зарядлашдан ҳимоя қилади ва унинг ишлаш муддатини узайтиради, Xiaomi Surge G1 эса аккумулятордан фойдаланишни бошқариб, автономлик вақтини яхшилайди.

Xiaomi 12S Ultra модели 8/12ГБ тезкор хотира ва 256/512ГБ UFS 3.1 доимий хотирага эга янги Snapdragon 8+ Gen1 чипида ишлайди. Янги чип аввалгиси билан солиштирганда 10% юқори GPU унумдорлигини тақдим этади. Шунингдек, қувват самарадорлиги 30% га ошганини айтилмоқда. 

Смартфон инновацион янги 3D суюқлик совутиш тизимига эга. У иссиқ майдоннинг қарама-қарши томонида конденсацияланган совутиш суюқлигини тарқатиш учун капилляр тармоқдан фойдаланади.

Қурилмага Dolby Atmos функциясини қўллаб-қувватловчи Harman/Kardon стерео динамиклари ўрнатилган. Дастурий таъминот жиҳатидан смартфон Android 12 операцион тизимига асосланган MIUI 13 график қобиғида ишлайди. 

Қурилманинг оғирлиги 225 граммни ташкил қилади. У IP68 стандартига эга. Смартфон Classic Black ва Verdant Green рангларда тақдим этилди. Афсуски, Xiaomi янги смартфон халқаро бозорга сотувга чиқмаслигини айтиб ўтди.

Унинг нархи Хитой бозорида қуйдагича бўлади:

8/256ГБ - 5999 юань (тахминан 896 доллар)

12/256ГБ - 6499 юань (тахминан 971 доллар)

12/512ГБ - 6999 юань (тахминан 1046 доллар)

ЎҚИНГ: Counterpoint май ойида қанча смартфон сотилганини эълон қилди 

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.