Facebook дастурчилар конференцияси бекор қилинди

Facebook дастурчилар конференцияси бекор қилинди

Коронавирус аллақачон Хитой иқтисодиётига катта зарар етказиб улгурди, шунингдек, дунёнинг бошқа мамлакатлари ҳам бундан азият чекиши мумкин.

Вирусли эпидемия турли оммавий тадбирлар ва спорт мусобақалари жадвалига мажбурий ўзгартириш киритди. Касалликнинг тарқалиб кетишидан сақланиш мақсадида MWC 2020 ўтказилмади. Худди шу сабабга кўра, Facebook ҳам F8 2020 дастурчилар конференциясини бекор қилди. У 5-6 май кунлари Сан-Хосе шаҳрида ўтказилиши керак эди.

Компания эълон қилган пресс-релизда бу қарорни қабул қилиш оғир эканлиги ва конференциянинг Facebook учун жуда муҳимлиги таъкидланган. Чунки, конференция бутун дунёдаги дастурчилар ва фойдаланувчиларга миннатдорчилик билдиришнинг усулларидан бири.

Аммо, ҳозирги шароитда ходимлар, мижозлар ва бошқа тадбирга жалб қилинганларнинг соғлиги ва хавфсизлиги биринчи ўринда. Шундай бўлса-да, Facebook бир нечта маҳаллий учрашувларни ўтказишни режалаштирмоқда, уларни ўтказиш графиги ва мавзулари эса кейинроқ эълон қилинади.

Шунингдек, Apple ҳам WWDC2020 тадбирини бекор қилишни режалаштираётгани ҳақида хабар пайдо бўлди ва бунинг эҳтимоли анчагина юқори. Кейинги бир-икки ой ичида вирус чекинмаслигига ишониш учун эса етарлигина асослар мавжуд. Вирус авж олган пайтда Apple'нинг кўплаб одамлар қатнашадиган тадбирни ўтказиши эҳтимоли эса ҳақиқатдан анча узоқдир.

ЎҚИНГ: Эксперт аниқлик киритди: «микроволновка» ва смартфон – саратонга сабабми?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!