Facebook Dating – танишувларга мўлжалланган махсус ижтимоий тармоқни қарши олинг!

  •   DiMaX
  •  1090
  •  09.09.2019 12:16

Facebook Dating – танишувларга мўлжалланган махсус ижтимоий тармоқни қарши олинг!

Дунёдаги энг оммабоп ижтимоий тармоқ юзерлари ундан романтик танишувлар мақсадларида ҳам фойдаланиб келишлари маълум. Компания энди танишувлар учун алоҳида – Facebook Dating платформасини ишга туширди.

ЎҚИНГ: Алламжонов: Facebook ва Youtube'ни блоклаганлар қамоқда

Янги ижтимоий тармоқ Instagram ҳамда Facebook’нинг ўзи билан бирлаштирилган, яъни, Facebook Dating фойдаланувчилари ўз профилларига мазкур икки тармоқдан керакли маълумотларни қўша оладилар. Шунингдек, фойдаланувчи ўз постларини, дўстларини ва бошқаларни танишув платформасидаги профилига импорт қилиши мумкин.

Бундай сервис яратиш ғояси ҳақида Марк Цукерберг ўтган йилнинг март ойидаёқ сўз очган эди. Унинг сўзларига қараганда, Facebook Dating узоқ муддатли муносабатлар ўрнатиш ва оила қуриш истагида бўлганларга мўлжалланган. Бунда фойдаланувчининг асосий Facebook тармоғидаги анкетаси автоматик тарзда текширилади; аллақачон жуфти мавжуд бўлганлар янги тизимдан фойдалана олмайдилар.

ЎҚИНГ: Facebook фойдаланувчилардан ўз яланғоч расмларини жўнатишларини сўраяпти!

Facebook’нинг таъкидлашича, янги тизим хавфсизлигига жиддий эътибор қаратилган. Фойдаланувчилар қоида бузилиши ҳақида модераторларга хабар беришлари, бошқа юзерларни блоклашлари, сурат ва ҳаволаларни қайта жўнатишни, шунингдек, пул ўтказмаларини чеклашлари мумкин.

Танишув ижтимоий тармоғида маъқул келган кишининг фотосурати ёки постини «лайклаш» мумкин. Шунингдек, умумий қизиқишлар асосида гуруҳлар ва воқеалар танлаш имкони мавжуд. Ўзаро ёзишмалар эса Secret Crush номли алоҳида чатда олиб борилади; у фақат Facebook Dating доирасида ишлайди ва асосий ижтимоий тармоқ билан ҳеч қанақасига боғланмаган.

Facebook Dating айни дамгача АҚШ, Канада, Аргентина, Боливия, Бразилия, Чили, Колумбия, Эквадор, Гайана, Лаос, Малайзия, Мексика, Парагвай, Перу, Филиппин, Сингапур, Суринам, Таиланд, Уругвай ва Вьетнамда ишга туширилган. Европалик фойдаланувчилар ундан келаси йили фойдалана бошлашлари мумкин бўлади, бизда қачон ишлаши ҳозирча номаълум.

ЎҚИНГ: Facebook ҳақида 12 қизиқ факт

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!