Facebook энди реклама кўрганингиз учун сизга пул тўлайди!

  •   DiMaX
  •  1304
  •  06.05.2019 08:17

Facebook энди реклама кўрганингиз учун сизга пул тўлайди!

Дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ ҳам ўз криптовалютасини ишлаб чиқаётгани ҳақида Terabayt.uz ўтган йилиёқ хабар берган. The Wall Street Journal нашри ўз манбаларига таянган ҳолда бу маълумотни тасдиқлади.

ЎҚИНГ: Google раҳбарининг ҳатто 11 яшар ўғли ҳам криптовалюта топяпти!

Мазкур лойиҳа Project Libra деб номланган ва унинг устида иш бошланганига бир йилдан ошган. Facebook ўз тўлов тизими учун «стэйблкоин» номли криптовалютани қўлламоқчи ва бошқаларидан фарқли тарзда, унинг курси оддий валютага боғланган бўлади. Натижада унинг қиймати ҳам бошқа криптовалюталарга нисбатан барқарор бўлади.

Стэйблкоин барқарорлигини эса инвестициялар таъминлаши кўзда тутилган: Facebook бу лойиҳага тахминан 1 миллиард доллар маблағ киритмоқчи. Компания аллақачон Visa, Mastercard ҳамда First Data тўлов оператори билан музокаралар олиб бормоқда.

Хўш, криптовалюта Facebook’ка нега керак бўлиб қолди? Гап шундаки, компания тўловларда ушбу крипто-пулларни қабул қилишлари учун савдо майдончалари билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилмоқда. Бунда мазкур тўлов тизимидан фойдаланганликлари учун сотувчилар одатдаги 2–3 фоиздан кўра камроқ комиссия ҳақи тўлайдилар.

Шу билан бирга, Facebook’нинг фаол фойдаланувчиларини ҳам криптовалюта билан рағбатлантириш кўзда тутилган. Масалан, ижтимоий тармоқдаги рекламаларни кўрганингиз, унда харидлар амалга оширганингиз учун стэйблкоин олишингиз мумкин бўлади.

Аммо мазкур тизимнинг қачон ишга туширилиши ҳозирча аниқ эмас, Facebook бу борадаги режаларини сир тутмоқда. Компаниянинг блокчейн-лойиҳалар учун масъул бўлими вакили мазкур маълумотни изоҳлашдан бош тортган ва: «Кўплаб бошқа компаниялар каби, Facebook ҳам блокчейн технологиялари имкониятларидан фойдаланишнинг турли усулларини ўрганмоқда», деган.

ЎҚИНГ: Павел Дуров Телеграмга қарийб 30 млрд $ “жойламоқчи”

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!