Facebook синов тариқасида австралиялик фойдаланувчилар йиғган лайклар сонини кўрсатмаяпти

Facebook синов тариқасида австралиялик фойдаланувчилар йиғган лайклар сонини кўрсатмаяпти

Facebook, Insatgram'нинг йўлидан бориб, синов тариқасида Австралиядги фойдаланувчилар постларига босилган лайклар сонини яширмоқда.

Сал илгарироқ, гонгконглик муҳандис ўз блогида Facebook'нинг Android иловасидан прототип код топгани ва бу компания аллақачон синовни бошлаб юборганини англатишини ёзган эди. Ўша даврда Facebook бунга изоҳ беришдан бош тортган.

Ижтимоий тармоқда машҳур фаол бўлган баъзи блоггер ва шунга ўхшаш фойдаланувчилар Facebook'нинг бу ҳаракатини танқид қилиб, лайклар сони уларнинг онлайн бизнесидаги муҳим жиҳат эканлигини таъкидлаган.

Компаниядагилар синовлар кенгайтирилиши ёки лайклар сонини кўрсатиш бутунлайга тўхтатилиши ҳақида маълумот бермади.

Жума кунидан бошлаб, австралиялик баъзи фойдаланувчилар бошқалар қўйган постга босилган лайклар ёки муносабат (хафа, жаҳли чиққан, ҳайрон қолган каби) лар сонини кўра олмайди.

Facebook'нинг муҳокамаларга сабаб бўлаётган ушбу қарори июль ойидан буён Instagram'да амалга ошириб келинмоқда. Бироқ ушбу платформа еттита давлат (Австралия, Янги Зеландия, Бразилия, Канада, Япония, Италия ва Ирландия) да ўтказаётган синов жараёни тафсилотларини оммага тақдим қилмаган.

Facebook'дагилар лайклар сонини кўрсатмаслик фойдаланувчилар ўртасида ижтимоий босим юзага келишини олдини олади, дейди.

Лекин фойдаланувчининг ўзи ўз постига босилган лайклар сонини кўра олади.

"[Бу ҳаракатдан] кўзланган мақсад тенгликни таъминлаш, шунда кишилар ўзаро алоқа ва контентларига босиладиган лайклар ёки муносабатлар сонига эмас, балки уларнинг сифатига эътибор қарата олади", дея тушунтиради компания вакили Миа Гарлик Австралия ОАВ ассоциациясига берган интервьюсида.

Гарлик хоним компания бу қарорни амалга оширишда ақлий саломатлик бўйича экспертлар ва зўравонликка қарши курашувчи гуруҳлар билан маслаҳатлашганини айтди. Технология экспертлари ҳам қарор қабул қилишда иштирок этган.

ЎҚИНГ: Facebook ҳақида 12 қизиқ факт

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.