Facebook ва Youtube бир кун блокланиши Ўзбекистон иқтисодиётига қанча зарар етказади?

Facebook ва Youtube бир кун блокланиши Ўзбекистон иқтисодиётига қанча зарар етказади?

Дунёда ташрифлар сони бўйича олдинги ўринларда турувчи Facebook ва Youtube сайтлари мана тўрт ойдирки, Ўзбекистонда тўсиб қўйилган.

Январ ойининг бошида сайтимизда “Facebook очмаяпти. Бу бизнеслар учун нима дегани?” мақоласи чоп этилди. Унда тадбиркор ва блогер Хуршид Марозиқов ижтимоий тармоқларнинг бизнесга таъсирига тўхталиб, Facebook интернет рекламанинг қарийб бешдан бирига эгалик қилишини тилга олди.

Facebook ва Youtube сайтларининг блокланиши Ўзбекистон бизнесига зарар етказаётганлиги аниқ, бироқ қанча миқдорда зарар келтирмоқда? Netblocks.org сайти яратган махсус калкулятор Дунё Банки, Халқаро электр алоқаси Иттифоқи, Евростат ва АҚШ аҳолини рўйхатга олиш бюроси маълумотларига асосланиб, онлайн платформалар блокланишининг эҳтимолий зарарини ҳисоблайди.

Netblocks.org хизмати онлайн платформалар блокланишининг иккиламчи таъсирини, хусусан, сармоячилар ишончининг йўқолишини ҳам ўрганади.

Сайт ҳисоб-китобига кўра, Facebook ва Youtube тўсиб қўйилиши Ўзбекистон иқтисодиётига бир кунда 1 559 500 АҚШ доллари, бир ойда 46 784 995 АҚШ доллари миқдорида зарар келтиради.

Мазкур икки сайт қарийб тўрт ойдан бери Ўзбекистон ҳудудида ёпиқлигини эътиборга олсак, иқтисодимиз 187 млн доллардан ортиқ зиён кўргани аён бўлади.

Қуйидаги ҳаволада ўзингиз ҳисоблаб кўришингиз мумкин.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!