Galaxy М14 бюджет смартфони Galaxy S23 камера дизайнида тақдим қилди

Galaxy М14 бюджет смартфони Galaxy S23 камера дизайнида тақдим қилди

Samsung компанияси бир неча кун аввал ўзининг бюджет синф смартфонлари қаторига янги, Galaxy М14 моделини қўшди. У Galaxy А14 га ўхшаш кўриниш ва техник хусусиятларга эга.

Galaxy М14 смартфони 6.6 дюймли Full HD+ резолюциясидаги PLS LCD экранга эга ва у 90 герц янгиланиш тезлигини қўллаб-қувватлайди. Экран Samsung'нинг Infinity-V рамкаси билан ўралган ва V тирқишда 13 MP селфи камера жойлашган.

Орқа томондаги учлик камера жойлашуви бир қарашда Galaxy S23 смартфонларини эслатиб юборади. Уларнинг асосийси f/1.8 диафрагмали 50 MP сенсор бўлиб, у 1080p форматда сониясига 30 кадр тезликда видео тасвирга олиш имконини беради. Қолган модулларнинг бири 2 MP макро бўлса, яна бири 2 MP портрет сенсоридир.

Капот остида қурилма Exynos 1330 чипсетида 4 GB оператив ва 64/128 GB доимий хотира билан Android 13 га асосланган One UI 5 версиясида ишлайди. Албатта, хотира етмаганда уни microSD карта билан кенгайтириш имкони мавжуд. Смартфоннинг ўзига хос хусусияти унинг батареясида – 6000 мА/соат батареяни ҳатто флагманларда ҳам топа олмайсиз. Бироқ, қувват кўп бўлгани билан уни қувватлаш тез бўлмайди: USB 2.0 Type-C порти орқали смартфонни 15 Вт тезликда зарядлаш мумкин.

Қўшимчасига смартфон салкам 6 герц 5G ни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, ён томонида бармоқ изини аниқлаш сканери билан бирга симли наушник уясига ҳам эга.

Samsung Galaxy М14 смартфони тўқ кўк, оч ҳаворанг ва кулранг рангларда Украинада таклиф қилинади. Нархлар қуйидагича:

  • Galaxy М14 (4/64 GB) – 8299 украин гривнаси ёхуд 225 доллар атрофида;
  • Galaxy М14 (4/128 GB) – 8999 украин гривнаси ёхуд 245 доллар атрофида.

Samsung тез кунда ўзининг ушбу смартфонини бошқа давлатларда ҳам тақдим қилиши кутилмоқда.