Galaxy Note 7 фаблетлари чақириб олинмоқда

Galaxy Note 7 фаблетлари чақириб олинмоқда

Samsung компанияси ўзининг сўнгги тақдим қилинган Galaxy Note 7 смартфонини жаҳон миқёсида чақириб олмоқда. Маълум бўлишича, гаджетни қувватлаш чоғида оммавий равишда ёниб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Экспертлар томонидан жаҳон бозорининг етакчи ишлаб чиқарувчиси ҳисобланмиш Samsung Electronics’нинг энг илғор флагманининг қайтиб йиғиштириб олиниши компания шаънига жиддий таъсир кўрсатиши айтилмоқда.
Note 7 бир ой аввал тақдим қилинган ва шу даврда кўпчилик истеъмолчилар томонидан билдирилган шикоятлар сўнгги кунларда унинг савдосининг тушиб кетишига сабаб бўлган. Компания ҳам қурилманинг қувватлаш тизимида жиддий носозлик аниқланганини қайд этмоқда.
Бугунги кунга қадар жаҳон смартфон бозорида жами 2.5 миллион дона Galaxy Note 7 сотилган ва уларнинг барчаси қайта кўрикдан ўтказилади.

Жанубий кореялик Yonhap янгиликлар агентлигининг маълум қилишича шу кунгача жаҳон миқёсида Galaxy Note 7’нинг ёниб кетиши билан боғлиқ 5 та ҳолат қайд этилган.
Samsung компанияси эса 35 та шундай бахтсиз ҳодиса содир бўлганини маълум қилган. Компания ҳали сотувга чиқарилмаган шу моделдаги фаблетларнинг 24 донасида шундай муаммо аниқланган.
Чақириб олинган смартфонларни тузатиб, эгаларига юбориш учун 2 ҳафта вақт керак бўлади.

Samsung 2016 йилнинг апрель-июнь ойларидаги смартфон савдоси бўйича жаҳон бозорида етакчилик қилмоқда. Унинг савдосининг 22%га кўтарилиши Galaxy S7’нинг муваффақиятли сотилгани билан боғлиқ. IDC консальтинг ва маркетинг таҳлил компаниясининг фикрича, Galaxy Note 7 кейинги ярим йилликда унинг бозордаги пешқадалилигини таъминлаши керак. Аммо, 7 сентябрь куни унинг рақиби ҳисобланмиш APPLE томонидан ўтказиладиган янги смартфон тақдимоти арафасида бу у қадар ҳам хосиятли воқеа эмас.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!