Galaxy S: S’дан S7’гача

Galaxy S: S’дан S7’гача

Galaxy S – бу жаҳоннинг энг машҳур ва оммабоп смартфонлари оиласи. Samsung 2015 йилнинг апрель ойида “Galaxy S” смартфонлари (Samsung Galaxy S5’гача)нинг халқаро бозорда 200 миллион донадан ошиқ сотилганини эълон қилган эди. Уларнинг такомиллашиш жараёнига қуйидаги мақолада сиз ҳам гувоҳ бўлинг.

Samsung Galaxy S

2010 йилнинг июнида фойдаланувчилар диққатига ҳавола қилинган. Йилнинг энг оммабоп смартфони, деб топилган қурилма Android 2.1 операцион тизими, 4 дюймли 800 x 480 пиксель сиғимли Super AMOLED дисплей, 1 ГГц частотада ишлайдиган 1 ядроли ARM Cortex-A8 процессори, 0.5 ГБ тезкор ва 8 ГБ қўшимча хотирага, 5 МП бош ва 0.3 МП олд камерага, 720p HD-видео ёзиш лаёқатига эга бўлган. Қувват тоши 1500 мАс ток сиғимли бўлиб, мобиль қурилма 118 грамм тош босган. Унинг ўлчамлари: 122,4 × 64,2 × 9,9 мм.

Бу гаджет июнь, июль ва август ойларининг ўзида дунё миқёсида 800 минг дона сотилган ва Android қурилмалари орасида сотилиши бўйича рекорд натижа қайд этган.

Samsung Galaxy S2

У 2011 йилнинг 13 февралида Жаҳон мобиль конгрессида тақдим қилинган. Навбатдаги гаджет 1.2 ГГц частотада ишловчи 2 ядроли ARM Cortex-A9 процессорига, 0.75 ГБ тезкор ва 32 ГБ ташқи хотирага, 800 x 480 пиксель сиғимли 4.27 дюймли (10,85 см) Gorilla Glass шишали ҳимоя қатламига эга SuperAMOLED+ дисплейига, 1080p FullHD форматида видеони тасвирга олувчи 8 МП бош ҳамда 2 МП олд автофокус ва светодиодли фоточақноқ мавжуд камерага эга бўлди.  У Android 4.1.2 Jelly Bean операцион тизимида ишлайди.

Қурилмада илк маротаба овозли бошқарув тизими муваффақиятли синовдан ўтган. Гаджет ўлчамлари:  125.3 х 66.1 х 8.5 мм. Қурилма 116 грамм тош босади.

 

Samsung Galaxy S3

Смартфон 2012 йилнинг 3 майида Лондонда тақдим қилинган. У HD Super AMOLED экранга эга илк гаджет бўлиб, 4.8 дюйм (120 мм) диагонали ўша даврда катта янгилик бўлган 1280×720 пиксель сиғими ва Gorilla Glass 2 ҳимоя шиша қатламига эга. Қурилма 4 ядроли Android 4.0 Ice Cream Sandwich операцион тизимида ишлайди ва 1 ГБ тезкор ва 64 ГБ флеш хотира билан кучайтирилган.

Бош камера  8 мегапикселли, олд камера 1.9 мегапикселли фотосурат олади. Асосий камерада сониясига 30 та кадрни муҳрлаш частотасидаги Full HD видео тасир олиш мумкин.

Унинг Li-Pol (литий-полимер) қувват тоши 2100 мАс ток сиғимига эга бўлиб, тўла қувватлаб 2G алоқа тармоғида 1300 дақиқагача, 3G’да 650 дақиқагача суҳбатлашиш мумкин.

Унинг ўлчамлари: 136,6 × 70,6 × 8,6 мм. Гадет 133 грамм тош босади.

Samsung Galaxy S4

5 дюймли, 1920×1080 пиксель сиғимли Full HD Super AMOLED дисплейли бу қурилма Samsung Electronics томонидан  2013 йилнинг 15 март куни Нью-Йоркда намойиш этилган. У 1.9 ГГц частотада ишлайдиган 4 ядроли Exynos 5 Octa процессорига, 2 ГБ тезкор ва 64 ГБ.гача қўшимча хотира, фоточақноқли 13 МП бош ва 2 МП олд камерага эга. Бош камера Full HD 1080p форматида тасвир ёзиш лаёқатига эга.

Унинг камерасида «Samsung Orb», яъни 360 градус ўлчамда панорама усулидаги суратга олиш функцияси татбиқ қилинди.

Гаджет Li-Pol туридаги, 2600 мАс ток сиғимига эга аккумулятор билан таъминланган.

Смартфон ўлчамлари: 136,6 × 69,8 × 7,9 мм. Қурилма 130 грамм тош босади.

 

Samsung Galaxy S5

2014 йилнинг апрель ойида тақдим этилган навбатдаги флагман ҳам Full HD экранига эга бўлди. 5.1 дюймли экран ўзининг “аждоди”никидан бир оз каттароқ. Ундаги пикселлар сиғими 1920 × 1080 бўлиб, мобиль воситада 16 МП бош ва 2.1 МП олд камера мавжуд. Бош камера Ultra HD форматида тасвир ёзади. Ундаги илк тизимларни айни кундаги Android 6.0 Marshmallow операцион тизимига янгилаб олса ҳам бўлади.

Гаджет 2.5 ГГц частота, 4 ядроли Qualcomm Snapdragon 801 процессорига эга бўлди. Қурилманинг тезкор хотираси 2 ГБ, қўшимча хотира 16/32 ГБ.

Смартфон 2800 мАс сиғимига эга аккумулятор билан таъминланган.

Ушбу моделда бир қатор – томир уришини ўлчайдиган, бармоқ излари сканери каби электрон сенсорли датчиклар татбиқ қилинган.

Флагман ўлчамлари: 142 × 72,5 × 8,2 мм. У 145 грамм тош босади.

Samsung Galaxy S6

Ҳозирча “S” сериясининг сўнгги смартфони Samsung Electronics томонидан 2015 йилнинг 1 мартида Барселонада ўтган Жаҳон мобиль конгрессида тақдим этилган ва апрель ойидан бошлаб сотувга чиқарилган.

Қурилманинг 2.1 ГГц частотали Exynos 7420 ҳамда 1.5 ГГц частотали Cortex-A57 4 ядроли талқинлари мавжуд.

5.1 дюймли дисплейнинг пикселлар сиғими 2560 x 1440 бўлиб, у Quad HD Super AMOLED турига мансуб. Гаджет Android 5.1.1 “Lollipop” операцион тизимида ишлайди.

Смартфон 3 ГБ тезкор хотирага эга бўлиб, ташқи хотира ажралмас, яъни мавжуд 32/64/128 ГБ хотирадангина фойдаланиш мумкин. Шу жиҳати билан қурилма қаттиқ танқидга учраган эди.

Унда бош камера 16 МП ва олд камера 5 МП. Асосий камера Ultra HD форматида тасвир ёза олади.  Galaxy S6 2550/2600 мAс ток сиғимига эга қувват тоши билан таъминланган.

Қурилма ўлчамлари: 143.4 x 70.5 x 6.8 мм. У 138 грамм тош босади.

Samsung Galaxy S7

Ҳаммасига бугун – Барселонадаги тақдимотда ойдинлик киритилади. Намойиш ва тақдимот янгиликларини бизда кузатиб боринг.

 

 

 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!