Galaxy S21 серияси ҳақидаги барча асосий маълумотлар маълум бўлди!

Galaxy S21 серияси ҳақидаги барча асосий маълумотлар маълум бўлди!

Galaxy S21 сериясининг 14 январдаги тақдимоти яқинлашиб келар экан, Samsung'нинг янги флагманлари ҳақида батафсил маълумотлар пайдо бўлмоқда.

Шулардан энг сўнггиси AndroidPolice сайтида эълон қилинди. Сайт мутахассисларининг ёзишича, S21 линейкаси таркибида ростдан ҳам учта: Galaxy S21, S21+ ва S21 Ultra смартфон бўлади.

Galaxy S21
Galaxy S21 Ultra

Ҳам S21, ҳам S21+ моделларига 120Hz янгиланиш частотасига эга FHD+ дисплей ўрнатилади, бироқ бу смартфонларда янгиланиш частотаси S21 Ultra'даги каби адаптив бўлмайди. Кичик моделлар учун экран ҳажми ўтган йилги билан бир хил бўлиб қолади — S21 модели 6.2 дюйм, S21+ 6.7 дюйм, S21 Ultra эса 6.8 дюйм диагоналга эга бўлади. Қиёс учун, бу йилги S20 Ultra'га 6.9" экран ўрнатилганди. Сиздирилган янги маълумотда яна тасдиқланишича, Ultra'нинг дисплейи юқори резолюцияли 1440p LTPO экран бўлади.

Бунга қўшимча, Ultra модели S Pen стилусини қўллаб-қувватлайди, бироқ ручка қадоқ таркибида мавжуд бўлмайди, корпусда Note'лардаги каби ручка учун тирқиш ҳам бўлмайди. Samsung S Pen учун «чўнтакча»га эга ҳимоя чехолларини алоҳида сотишни режалаштирган.

S21 серияси дизайни ҳозиргача чиқарилган рендерлардаги каби бўлади — орқа камера модули ён ҳошиянинг чап юқори бурчагидан бошланади. Шунингдек, камера модули ва корпуснинг қолган қисми турли ранглар комбинациясида бўлиши ҳам айтиб ўтилган. Galaxy S21 корпуси пластик, Ultra'ники эса шиша бўлади. S21+ нинг корпус материали эса ҳозирча номаълум.

Ҳар учала смартфон минтақага қараб, ёки Snapdragon 875, ёки Samsung'нинг ўзи ишлаб чиқарган Exynos 2100 чипсетларида ишлайди.

S21 ва S21+ лар камераси олдинги авлод флагманлариникидан унчалик ҳам фарқланмайди: асосий камера 12МП, ультракенг камера 12МП ва телефото камера 64МП резолюцияли бўлади. S21 Ultra эса 12% юқорироқ ёруғлик сезгирлигига эга Samsung'нинг янги 108МП HM3 датчиги билан жиҳозланади. Яна айтилишича, Samsung S21 Ultra'га иккита 10МП телефото камера қўшади. Бу датчиклар 3 ва 10 карра оптик зум хусусияти ҳамда S20 Ultra'дагига қараганда 130% катта пикселларга эга бўлади. S21 Ultra'нинг тўртинчи камераси 12МП ультракенг камера бўлиши айтилмоқда.

Galaxy S21 камераси
Galaxy S21 Ultra камераси

Аккумулятор сиғими эса S21 ва S21 Ultra'ларда бу йилги S моделларидаги билан бир хил, яъни мос равишда 4,000 ва 5,000 мАс бўлади. S21+ эса 4,800 мАс сиғимли аккумуляторда ишлайди. Қиёс учун, S20+ га 4,500 мАс аккумулятор ўрнатилган.

Дастурий таъминот борасида эса Android 11 асосидаги One UI 3.1 прошивкасини кутиш мумкин.

S21 Phantom Violet, Phantom Gray, Phantom White, ва Phantom Pink рангларида, S21+ Phantom Silver, Phantom Black ва Phantom Violet, S21 Ultra эса фақатгина Phantom Silver ва Phantom Black рангларида сотувга чиқади. Қурилмаларнинг нархи ҳозирча айтилмаган.

ЎҚИНГ: Samsung нақ еттита флагман смартфон тайёрлаяпти, лекин бирортаси ҳам «Note» эмас!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.