Galaxy S22 серияси янги авлод Gorilla Glass шишаси билан жиҳозланади

Galaxy S22 серияси янги авлод Gorilla Glass шишаси билан жиҳозланади

Corning компанияси Gorilla Glass Victus шишасини тақдим этганига бир ярим йилдан ошди. Шундан бери смартфон ишлаб чиқарувчи компаниялар ўзларининг флагман смартфонларини ушбу шиша билан жиҳозлаб келмоқда. 

ЎҚИНГ: Оммабоп Galaxy смартфони барқарор One UI 4 график қобиғига ўтмоқда 

Corning эса ушбу шишанинг такомиллашган янги авлодини ишлаб чиқаради. Янги шиша номи Gorilla Glass Victus+ бўлиб, Galaxy S22 серияси биринчи бўлиб ушбу шиша билан жиҳозланади. Бу ҳақида Ice Universe инсайдери хабар бермоқда. 

Катта эҳтимол билан смартфонларнинг олд панели янги Gorilla Glass Victus+ шишаси билан ҳимояланади. Ҳозирча орқа панель янги шиша билан қопланиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. 

Аввалроқ, барча S22 моделларининг орқа панели шиша билан қопланиши айтилган эди. Агар смартфонлар эски Gorilla Glass Victus шишаси билан қопланса ҳам, бу S22 ва S22+ қурилмалари учун яхши ҳолат. Чунки ўтган йилги S21 ва S21+ смартфонларининг орқа панели пластик билан қопланган, фақатгина S21 Ultra'нинг иккала томони Gorilla Glass Victus билан ҳимояланган эди. 

Шунингдек, айрим манбаларда Galaxy S22 Ultra моделининг орқа панели Corning томонидан ишлаб чиқарилган махсус Super Clear Glass шишасига эга бўлиши айтилмоқда. 

S22 сериясидаги смартфонларнинг баъзи ранглари матовий қопламага эга бўлади. S22 ва S22+ моделлари Pink Gold, Green, Black ва White, S22 Ultra эса Burgundy, Green, Black ва White рангларда тақдим этилади. 

Samsung ҳозирча смартфонларнинг қачон расман тақдим этилиши ҳақида маълумот бергани йўқ. Агар миш-мишларга таянадиган бўлсак, S22 серияси 8 февраль санасида тақдим этилади. 

ЎҚИНГ: Galaxy A сериясига ҳам барқарор One UI 4 график қобиғи келишни бошлади 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!