Google’дан қолишмайдиган олтита қидирув сайти

Google’дан қолишмайдиган олтита қидирув сайти

Google’дан яхшироқ эканлиги кўпчилик томонидан шубҳа остига олинса ҳам, камида ундан қолишмайдиган қидирув тизимлари сифатида одатда «Яндекс» ва Бинг кўрилади. Аммо, «Лайфхакер» муаллифларининг фикрича, улар қадар машҳур бўлмаган айрим қидирув тизимлари Google’га нисбатан қадар устунликларга эга. Бу устунлик фақат бир жиҳатда — қандайдир мавзу ёхуд функцияда кўзга ташланиши мумкин, лекин мана шундай кичик ютуқлар ҳам баъзида наф келтиради.

DuckDuckGo

DuckDuckGo — очиқ кодга эга, бирмунча танилиб улгурган қидирув тизими. Унинг серверлари АҚШда жойлашган. Ўз роботидан ташқари, у бошқа манбаларнинг натижаларидан ҳам фойдаланади: Yahoo!, Search BOSS, «Википедия», Wolfram|Alpha.

DuckDuckGo фойдаланувчига максимал махфийликни таъминлаб бера олади. Тизим фойдаланувчи ҳақида ҳеч қандай маълумот тўпламайди, қидирув тарихини сақламайди, Cookie файлларидан фойдаланиш максимал даражада чекланган.

Йирик қидирув тизимлари эса натижаларни шахсийлаштиришга уринади, яъни сиз ҳақингизда ахборот тўплаб, шу асосда керакли натижаларни кўрсатишга ҳаракат қилади. Бунинг ёмон томони — шахсий маълумотларингиз тизимда сақлаб қолинади. Уларнинг махфий қолишини истасангиз, DuckDuckGo’дан фойдаланинг.

«Нигма»

«Нигма» — Россиянинг метақидирув тизими бўлиб, Москва давлат университети битирувчилари Виктор Лавренко ва Владимир Чернишовлар томонидан ишлаб чиқилган. У қидирувни Google, Yahoo!, Bing, «Яндекс», Rambler, AltaVista, Aport индекслари бўйича амалга оширади, шунингдек, ўз қидирув алгоритмига эга.

Унинг устунлик томони — энг йирик тизимлар индекслари бўйича қидирувнинг амалга оширилиши мувофиқ натижалар чиқарилишига олиб келади. Бундан ташқари, «Нигма» натижаларни мавзувий гуруҳларга бўлиб, фойдаланувчига қидирув майдонини торайтиришни таклиф қилади. Бунда натижаларнинг бир қисми устувор деб олинади, бир қисми эса иккиламчи сифатида четга сурилади. Энг асосийси — «математика» ва «кимё» модуллари ёрдамида қидирув қаторида математик вазифаларни ечиш ҳамда кимёвий реакциялар натижаларини топиш мумкин. Бу эса аниқ фанлар билан шуғулланувчи талабалар ва илмий ходимлар учун ўта фойдали функциядир.

«Нигма»нинг бошқа ютуқлари ҳам мавжуд. Айтайлик, агарда ҳеч нарса сотиб олишни режалаштирмаётган бўлсангиз, унда интернет дўконларидан олиб кўрсатиладиган натижаларни ўчириб қўйиш мумкин. «Инглиз тилидаги сайтлар» кластерини танласангиз, фақат инглизча сайтлардаги натижалар кўрсатилади.

not Evil

Ушбу тизим Tor аноним тармоғида қидирувни амалга оширади. Ундан фойдаланиш учун мазкур тармоққа кириш ёки махсус Tor браузеридан фойдаланиш талаб этилади. not Evil’га ўхшаш бошқа қидирув тизимлари ҳам бор — LOOK, TORCH.

Унинг устунлик жиҳати — Google, «Яндекс» ва бошқа йирик тизимлар кира олмайдиган тармоқда қидирувни амалга оширади. Tor тармоғида бундай ресурслар жуда кўп. У тармоқ ичидаги ўзига хос тармоқдир. Унинг ўз торрент-трекерлари, оммавий ахборот воситалари, савдо майдончалари, блоглари ва кутубхоналари бор. Интернетнинг қолган қисмидан асосий фарқи — хавфсизлик ва махфийликнинг юқори даражаси.

YaCy

YaCy — P2P принципи асосида ишлайдиган марказлаштирилмаган қидирув тизими. Асосий дастурий модуль ўрнатилган ҳар бир компьютер интернетни мустақил равишда скандан ўтказади, яъни қидирув роботининг муқобили бўла олади. Олинган натижалар эса ягона базага тўпланади ва YaCy’нинг барча фойдаланувчиларига кўринади.

Устунлиги — ягона сервер ҳамда хўжайин компаниянинг мавжуд эмаслиги қидирувни бировларнинг манфаат ва қизиқишларидан ҳоли қилади, тизим ўзи хоҳлаган нарсани эмас, бор нарсани кўрсатади. Ҳар бир йўналишнинг мустақил ишлаши цензура эҳтимолини тушириб юборади. Бундан ташқари, YaCy умумфойдаланишдаги индексланмайдиган тармоқларда ҳамда ички вебда қидирувни амалга ошира олади.

Pipl

Pipl — конкрет инсон ҳақида ахборот қидиришга мўлжалланган тизим. Муаллифларнинг таъкидлашича, уларнинг ихтисослаштирилган алгоритмлари бу йўналишдаги қидирувларни бошқа тизимларга қараганда анча мукаммал олиб бориш имкониятини беради. Хусусан, тизим устувор қидирув объектлари сифатида ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларни ва суд қарорлари базаларини кўради. Pipl’нинг бу борадаги устунлиги кўплаб ихтисослашган нашрлар, хусусан, «Lifehacker.com», TechCrunch ва бошқалар томонидан тасдиқланган.

FindSounds

Бу тизим очиқ манбалардан овоз қидиришга мўлжалланган. У фақат овозли файллардан иборат натижаларни кўрсатади. Бу — табиатдаги товушлар, машина овози, одамларнинг овози ва бошқалар бўлиши мумкин. Созламаларда форматни ва сифатни белгилаб олса бўлади. Барча топилган овозли файлларни кўчириб олиш мумкин. Овозларни, шунингдек, аудионамуна асосида қидириш функцияси мавжуд.

Манба: Daryo.uz

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!