Google Maps ва бошқа хариталар масштабини битта бармоқда бошқариш мумкин!

  •   DiMaX
  •  1083
  •  28.10.2019 15:50

Google Maps ва бошқа хариталар масштабини битта бармоқда бошқариш мумкин!

Аксариятимиз ўз смартфонимизда Google харитасидан фойдаланамиз, у компаниянинг бошқа сервислари билан интеграциялашгани туфайли ҳам қулайроқ. Лекин унда масштабни ўзгартириш учун махсус тугмачалар йўқ – харитадаги тасвирни яқинлаштириш ёки узоқлаштириш учун иккита бармоқ ишлатишга тўғри келади.

ЎҚИНГ: Google Maps'га зўр функция қўшилди. Қизиғи, фақат iPhone'ларга!

Лекин иккинчи қўлингиз банд бўлса, битта қўлнинг ўзида ҳам смартфонни ушлаб, ҳам ундаги иккита бармоғингиз билан масштабни ўзгартириш қийин. Google Maps иловасининг Android ҳамда iOS учун ишлаб чиқилган иловаларида бунинг осон йўли ҳам бор, фақат кўпчилик билмайди.

Мазкур усулдан фойдаланиш учун харитани очиб, экранга битта бармоқ билан кетма-кет икки марта тегинасиз, аммо иккинчи тегинишдан сўнг бармоқни узмай турасиз. Шу ҳолатда бармоқни олдинга ва орқага суриб, харита масштабини катталаштириш ва кичрайтириш мумкин.

Бу усулнинг афзаллиги шундаки, у универсал бўлиб, бошқа харита иловаларида ҳам бирдек ишлайди. Яндекс.Харита ёки 2GIS бўладими, Maps.Me ёки бошқаси бўладими – барча харита иловаларида (гарчи уларда масштабни бошқариш учун «+» ва «-» тугмачалари бўлса ҳам) мана шу усулни қўллаш мумкин.

ЎҚИНГ: Ҳаммаси саёҳат учун: офлайн-карталар ва яна 5 та жуда керак бўладиган илова

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.