Google Play'да тозалаш ишлари олиб борилади

Google Play'да тозалаш ишлари олиб борилади

Google Play иловалар дўконида миллионлаб ўйинлар ва иловалар мавжуд, лекин улар орасида эскирганлари ҳам йўқ эмас. Афсуски, Android'нинг эски версиялари учун мўлжалланган ва анчадан бери янгиланмаган илова ва ўйинлар янги авлод операцион тизими билан келадиган хавфсизлик ва махфийлик хусусиятларига эга эмас.

Шу йилнинг 1 ноябридан бошлаб Google ўзининг янги сиёсатини ишга туширишини эълон қилди. Унга кўра, Google Play'га янги жойланадиган иловалар ёки янгиланишлар сўнгги Android версиясининг бир йилгача орқадаги API даражасини қўллаб-қувватлаши керак, акс ҳолда улар иловалар дўконига жойланмайди.

Google Play'да аввалдан мавжуд бўлган дастур ва ўйинлар эса Android'нинг ҳеч бўлмаганда икки йил орқадаги API версиясига янгиланган бўлиши керак, йўқса дастурчиларнинг илова ёки ўйинлари платформадан ва қидирув тизимидан яшириб қўйилади (ўчириб юборилмайди).

Гарчи фойдаланувчилар эскирган илова ёки ўйиннинг аниқ номини билсалар ҳам уни қидириб топа олмайдилар. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, эскирган илова ва ўйинларнинг яширилиши фақат илгари уларни ҳеч ўрнатиб кўрмаган янги фойдаланувчилар учун амал қилади.

"Энг сўнгги қурилмаларга эга фойдаланувчилар ёки Android'нинг охирги версиясига янгиланганлар тақдим этиладиган барча махфийлик ва хавфсизлик ҳимояларининг тўлиқ имкониятларидан фойдаланишни кутишади. Мақсадли даражадаги API талабларимизни кенгайтириш эса фойдаланувчиларни ушбу ҳимояларга эга бўлмаган эски иловаларни ўрнатишдан ҳимоя қилади.", дейилади компания эълонида.

Яхши хабар шундаки, Google Play'даги иловаларнинг аксарияти аллақачон ушбу стандартларга амал қилади.

ЎҚИНГ: Galaxy S9 ва S9 Plus йўл охирига келишди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!