Google Telegram`ни сотиб олиш бўйича музокаралар ўтказгани маълум бўлди

Google Telegram`ни сотиб олиш бўйича музокаралар ўтказгани маълум бўлди

Google компанияси Telegram мессенжерини сотиб олиш бўйича бир неча маротаба музокаралар ўтказгани ошкор бўлди. «Секрет Фирмы» нашри Telegram`га яқин ахборот манбасига таяни хабар беришича, 2015 йилнинг май ойида компания раҳбари Сундар Пичаи (Sundar Pichai) хизмат асосчиси Павел Дуров билан учрашган. Ўша вақтда Telegram нархи 1 миллиард доллардан камга баҳоланмаган. Бироқ Дуровни мазкур таклиф қизиқтирмаган, дея ойдинлик киритди ахборот манбаларидан бири.

Тадбиркор Google вакиллари билан учрашгани далилини тасдиқлади, бироқ бўлиб ўтган суҳбат тўғрисида изоҳ беришдан бош тортди. У, шунингдек, айни пайтда Telegram`нинг эҳтимолий қиймати 3-4 млрд доллар атрофида эканини айтиб ўтган. Шундай бўлса ҳам, мессенжер жамоаси ҳозирча ташқи инвестицияларни жалб этишни режалаштирмаяпти.

Бугунги кунда интернет-гигантининг ўз шахсий хабарлар алмашиш хизмати фаолият кўрсатмоқда. Бироқ Hangouts Google экотизими ҳамда энг оммавий Gmail электрон почтаси билан яқин интеграцияда бўлса ҳам унчалик оммалашгани йўқ.

Telegram —  ахборотларни шифрловчи ўзига хос MTProto протоколига эга мессенжер бўлиб, 2013 йилда «ВКонтакте» асосчиси Павел Дуров томонидан ишга туширилган. 2016 йил февралида мессенжернинг фаол фойдаланувчилари сони 100 миллион нафардан ошгани маълум қилинди.