Ҳавонамлагич қандай техника?

Ҳавонамлагич қандай техника?

Қуруқ ҳаво саломатликка зиён етказишини айримлар билавермайди. Маиший техника дўконларини кезиб ҳавонамлагич номли қурилмага кўзингиз тушгандир. Улар фақатгина нархи ва кўриниши билангина эмас, намлатиш технологияси билан ҳам бир-биридан фарқ қилишидан хабардормисиз?

Келинг, ҳавонамлагич (рус. увлажнитель воздуха, инг. Humidifier) қандай ишлаши, унинг турлари, афзаллик ва камчиликлари тўғрисида ҳикоя қиламиз.

  1. Анъанавий ҳавонамлагичлар

Одатда, корпуси пластикдан ишланади. Буғлантирувчи фильтр ва мотор помпа билан вентиляторни ҳаракатга келтиради. Помпа сувни фильтрнинг маҳкамлагич рамкасигача кўтаради, унинг бор бўйича тешиклар очилган тарновчаси бор. Сув ундан фильтр бўйлаб пастга оқади ва доимо намлаб туради. Ортиқча сув яна резервуарга тушади. Вентилятор намланган фильтр орқали ҳавони хонага ҳайдайди.

Помпасиз анъанавий ҳавонамлагичлар ҳам учрайди. Унинг фильтри пастдаги резервуар сувидан намланиб туради. Резервуар олиб-қўйиладиган ёки корпуснинг бир қисмида жойлашган бўлиши мумкин. Маиший ҳавонамлагичларнинг сув сарфи кўпи билан соатига 900 мл.

Афзалликлари:

  • Табиий равишда намлантиради. Нарсаларга оқ караш (водопровод сувидаги калций ва магний тузлари) қатлами ўтириб қолмайди
  • Юқори даражада сифатли намлантиради
  • Фойдаланиш осон
  • Қизимайди
  • Энергия истеъмоли кам

Камчиликлари:

  • Намлаш даражаси 60 фоизга яқин (муайян ҳароратда ҳавонинг намликка таъсирчанлигига боғлиқ)
  • Нархи баланд
  • Фильтрини алмаштириш қўшимча харажат талаб қилади

Харид қилаётганингизда иш унумдорлигига, намлантириш майдони ҳажми ва сув резервуари сиғимига, алмаштириладиган фильтрларининг баҳосига, осон йиғилишига (разборка-сборка) эътибор беринг.

Асосан, BRUNE, Stadler Form, Boneco, Element, Philips фирмалари ишлаб чиқаради.

  1. Ультратовушли ҳавонамлагичлар

Мазкур қурилмада сув резервуардан мембранага кўтарилади ва юқори частотали (ультратовушли) тебранишлар уни заррага айлантиради. Кичик вентилятор ҳавони ҳайдаши натижасида сув зарралари тумани ҳавога пуркалади. Бакка сув соладиган махсус картриж ўрнатилган, у атрофдаги нарса-буюмларда оқ караш қатлам ўрнашиб қолмаслиги учун сувни ҳар хил тузлардан тозалайди. Агар сув жуда қаттиқ бўлса, тўғри келмайди, шунинг учун аввалдан юмшатилган сув қуйган маъқул. Сув сарфи кўпи билан соатига 600-700 мл.

Замонавий ультратовушли ҳавонамлагичларнинг аксарияти электрон усулда бошқарилади: бир неча режимда ишлайди, белгиланган намликни ҳосил қила олади (гигростати бор), ҳавони ионлаштиради, буғнинг ҳароратини ошириш учун сувни қизитади. Ҳавони намлатиш даражаси чегараланмаган, керагича намлатсангиз бўлади (масалан, оранжерея учун).

Афзалликлари:

  • Намлантириш даражасини танлаш мумкин
  • Керагича намлантириш мумкин
  • Иш режими ҳар хил
  • Юмшатувчи арзон картриж ишлатилади
  • Энергияни кам истеъмол қилади (сувни иситишни ҳисобга олмаганда)
  • Ҳамёнбоп нархда турли русумлари бор

Камчиликлари:

  • Қаттиқ сув қуйилганда мебелда караш қатлам юзага келади
  • Ҳавони секин намлантиради
  • Қурилманинг ёнидаги ҳаво яхшироқ намланади
  • Ҳавонамлагичнинг ёнида ҳалқобча юзага келиши мумкин

Харид қилаётганда иш унумдорлиги, намлантириш майдони ҳажми, сув резервуари сиғими, тегишли даражада намлантириш функцияси, “иссиқ буғ” режими ва осон йиғилишига эътибор беринг.

Асосан, Ballu, Electrolux, Boneco, Timberk, Polaris, NeoClima фирмалари ишлаб чиқаради.

  1. Буғли ҳавонамлагичлар

Буғли қурилмада сув резервуардан иситкич-тагликка ўтади (замонавий чойнакка ўхшаш) ва буғга айланиб бир оз совийди ҳамда алоҳида канал орқали хонага тарқалади. Қайнатилгани сабаб микроб ва бактериядан холи соф буғ чиқади. Агар ҳавонамлагич электрон ва гигроскоп ўрнатилган бўлса, белгиланган намликни сақлай олади.

Буғли ҳавонамлагичларнинг намлантириш интенсивлиги турлича, ҳавони хушбўйлаштирувчи ва ионлаштирувчи турлари ҳам бор. Намлаштириш даражасининг чегараси йўқ, 90 фоизгача етказиш мумкин. Аммо ҳаво намлигини бу қадар ошириш тавсия этилмайди, чунки саломатлик учун хавфлидир. Буғли ҳавонамлагичларнинг камчилиги энергияни кўп истеъмол қилишидир. Сув сарфи соатига 180-500 мл.

Афзалликлари:

  • Намлаштириш даражаси чегара билмайди
  • Белгиланган даражада ҳаво намлигини сақлайди (электрон бошқарувли бўлса)
  • Иш режимлари турлича
  • Нарса-буюмларда оқ караш қолдирмайди
  • Сарфлайдиган материали йўқ

Камчиликлари:

  • Сув қайнатиши туфайли эҳтиёткорлик талаб этилади
  • Илиқ буғ ҳаво ҳароратини ошириб юборади
  • Бошқа турдаги ҳавонамлагичларга қараганда электрни кўп истеъмол қилади
  • Кўпик қолдиғидан тозалаб туриш лозим

Харид пайтида иш унумдорлиги, намлантирадиган майдони ҳажми, сув резервуари сиғими, иш режимлари, осон йиғилишига эътибор беринг.

Асосан, Boneco, Breurer, Stadler Form, DeLonghi фирмалари ишлаб чиқаради.

  1. Ҳавони ювиш

Ҳавонамлагич ишлаб чиқарувчи фирмалар, нафақат ҳавони намлаш, балки тозалашга ҳам эътибор қаратмоқда. Қурилмага релъефли айланувчи пластик дисклар жойланган бўлиб, ўрнатиладиган бакдан унга сув узатилади. Ҳаво вентилятор ёрдамида диск орқали ҳайдаб, намланади ва албатта, каттароқ чанг зарралари, тук, соч толаси каби чиқиндилар ичкарида қолади.

Аммо бу жараёнда ҳаво батамом тозаланади, деб ҳисобламанг ва рекламадаги ваъдаларга учманг, чунки майда чангни тозалай олмайди.

Қурилма электрон тарзда бошқарилиши, дисплей, гигростати, термометри бўлиши мумкин. Бу турдаги маиший ҳавонамлагичларнинг сув сарфи 500 мл/соат атрофида.

Афзалликлари:

  • Йирик чанглардан ҳавони тозалаши
  • Белгиланган даражада ҳаво намлигини сақлаши (русумига боғлиқ)
  • Нарса-буюмларда караш қолдирмайди
  • Сарфлайдиган материаллари йўқ
  • Энергия истеъмоли кам

Камчиликлари:

  • Майда дисперсли энг хавфли чанглардан ҳавони тозалай олмайди
  • Ҳавони намлантириш тезлиги паст
  • Бошқа турдаги ҳавонамлагичларга қараганда мураккаброқ тузилган

Харид пайтида иш унумдорлиги, намлантирадиган майдони ҳажми, сув баки сиғими, бошқарув тизимига (электрон бошқарувлиси қулай), осон йиғилишига эътибор беринг.

Асосан, Electrolux, Venta, Boneco, Ballu фирмалари ишлаб чиқаради.

  1. Иқлим мажмуаси билан ҳавони намлантириш

Иқлик мажмуаси (климатический комплекс) ҳавони чанг, бактерия, вирус, ёқимсиз ҳид ва аллергенлардан тозалашга мўлжалланган фильтрлар тизимига эга маиший техникадир. Ушбу қурилма уй иқлимини яхшилашга комплекс равишда ёндашади.

Одатда иқлим мажмуасининг ҳавонамлагичи анъанавий тарзда ишлайди, яъни сувга тўйинган ҳаво хонага пуркалади. Ультратовушли ҳавонамлагичли иқлим мажмуаси кам учрайди. Иқлим мажмуасининг бирламчи вазифаси ҳавони намлаш эмаслигини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Қолаверса, бу қурилма қиммат туради. Агар хонадонингиз ҳавосини намлаш сиз учун биринчи даражали бўлса, ҳавонамлагичнинг ўзини сотиб олишни тавсия қиламиз.

  1. Буларни ҳам ҳисобга олинг

Ишлаб чиқарувчи фирма ҳавонамлагичнинг тозалаш майдони катталигини реклама қилганига учманг. Эсда тутинг: рекламада идеал шароитда ишлатиш назарда тутилади, яъни хона ичидаги тўсиқлар йўқ, ташқаридан ҳаво кирмайди, ташқи ҳарорат таъсир қилмайди ва ҳоказо. Турмуш шароитида эса бунинг иложи йўқлиги аниқ. Қолаверса, хона шифтининг баландлиги ҳам таъсир кўрсатади.

Энг сершовқини буғли ҳавонамлагичдир. Чойнак сингари шақиллаб қайнаган овоз чиқаради.

Ультратовушли ҳавонамлагичлар аҳоли орасида кенг тарқалган. Магазинларда кўп учрайди. Аммо улар ҳавони секин намлатади. Ультратовушли ҳавонамлагичдан ҳузурланаман десангиз, ёнида ўтиринг, шундагина таъсири сезилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!