Honor ўзининг янги Magic VS букламафонини тақдим қилди!

Honor ўзининг янги Magic VS букламафонини тақдим қилди!

Honor 80 серияси, ҳамда, MagicOS 7.0 билан биргаликда Honor компанияси бугун ўзининг иккинчи авлод букламафони Magic VS'ни тақдим қилди. Оригинал Magic V'дан фарқли ўлароқ янги авлод ингичкароқ ва енгилроқ бўлиб, у компания тақдимот давомида намойиш қилган Magic Pen стилусини қўллаб-қувватлайди.

Маълум бўлишича, Magic VS "ошиқ-мошиқлари" янада мустаҳкамланган: у энди 400,000 мартадан кўпроқ букланишларга чидай олади ёхуд агар уни кунига 100 марта очиб-ёпиб ишлатадиган бўлсангиз у сизга 10 йилгача хизмат қилади. Бу ўтган йилги Magic V'га қараганда икки баравар ўсиш дегани.

Magic VS экран ўлчамлари олдингисиникидан фарқ қилмайди. Букламафоннинг ички дисплейи 7.9 дюймли бўлиб, у 90 герц янгиланиш тезлигига ва 2272 х 1984 пиксел резолюциясига эга. Ташқи дисплейга келсак, у 6.45 дюйм ва у 2560 х 1080 пиксел резолюцияси билан 120 герц янгиланиш тезлигига эга.

Букламафон орқа томонида янгиланган учлик камера тизимига эга. Уларнинг асосийси Sony'нинг 50 мегапикселли IМХ800 сенсори бўлиб, унга 50 МП ултра-кенг ва 8 МП телефото камералари қўшимча бўлади. Селфи камераларга ўтадиган бўлсак, ташқи экран юқори марказида жойлашган камера 16 МП, бироқ компания ички олд камера ҳақидаги маълумотларни очиқламаган.

Худди Honor 80 Pro смартфони каби Magic VS ҳам Snapdragon 8+ Gen 1 чипи билан жиҳозланган ва у ҳам Android 12'га асосланган MagicOS 7.0 версиясида ишлайди. Қизиғи шундаки, букламафоннинг 5000 мА/с сиғимли батареясини 66 Вт тезликда 0 фоиздан 100 гача атиги 46 дақиқа қувватлаш мумкин.

Honor Magic VS апелсин, мовий ва оддий қора, шунингдек, яна икки хил: эксклюзив қора ва олтин рангларда чиқарилади. Букламафон учун Хитойда олдиндан буюртма бериш аллақачон бошланган. Сотувлар эса 30 ноябрдан бошланади. Нархлар қуйидагича:

  • 8 ГБ + 256 ГБ = 7499 юан (11,749,000 сўм атрофида)
  • 12 ГБ + 256 ГБ = 7999 юан (12,532,000 сўм атрофида)
  • 12 ГБ + 512 ГБ =  8999 юан (14,099,000 сўм атрофида)

Honor бош директори Жорж Чжао "Magic VS хориж бозорларида дебют қиладиган бизнинг энг биринчи букланадиган флагманимиз бўлади ва биз у бутун дунё бўйлаб одамлар ўз смартфонларидан қандай фойдаланишларини ўзгартириб, улкан ютуқлар олиб келишига ишонамиз", дея ўзларининг янги букламафонларини глобал бозорга чиқарилиши тасдиқлади ва бу 2023 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилади. 

ЎҚИНГ: Honor 80 Pro – динамик оролга эга навбатдаги Android смартфон