Huawei компанияси nova 10 сериясидаги учинчи смартфонни тақдим этди

Huawei компанияси nova 10 сериясидаги учинчи смартфонни тақдим этди

Huawei nova 10 серияси ўтган ойда Берлиндаги IFA тадбирида тақдим этилган эди. Унда nova 10 ва nova 10 Pro моделлари эълон қилинган бўлиб, энди улар қаторига янги nova 10 SE модели ҳам қўшилди. 

SE моделининг камера дизайни ўзгармаган, яъни у ҳам ўз “акалари“ сингари иккита бир бирига боғланган доирасимон шаклдаги камера модулида эга. 184 грамм оғирликка эга қурилманинг қалинлиги 7.39 миллиметрни ташкил қилади. 

Смартфон фақат 4G тармоғини қўллаб-қувватловчи Snapdragon 680G чипига эга бўлиб, тўртта 2.4 гигагертсли Kyro 265 Gold (Cortex-A73) ядро ҳамда тўртта 1.9 гигагертсли Kyro 265 Silver (Cortex-A53) ядро билан жиҳозланган. Гарфика учун Adreno 610 жавоб беради. Чип 6/128ГБ, 8/128ГБ ҳамда 8/256ГБ хотира билан интеграллашган. 

Олд томонда FHD+ резолюциядаги 6.67 дюймли OLED дисплейи жойлашган бўлиб, у 90 гертс частотада ишлайди. Бармоқ изи сканери ён томондаги қувват тугмасидан ўрин олган. 

Huawei nova 10 SE модели f/1.9 диафрагма линзали 108МП асосий камера билан жиҳозланган. Юқори резолюцияли ушбу камера максимал 1080p форматда видеога олиши мумкин. Орқа панелдан, шунингдек, 8МП ультракенг ҳамда 2МП макро камералар ўрин олган. Олд томонда 16МП селфи камера жойлашган. 

Huawei ушбу моделни халқаро бозорга сотувга чиқаради. Демак, смартфон HarmonyOS операцион тизимида эмас, балки EMUI 12 график қобиғида ишлайди. Қурилма 4,500 мАс сиғимли аккумулятор билан жиҳозланган бўлиб, у 66 ватт тезликда қувват олади. Смартфонга иккита SIM-карта қўйиш мумкин. Шунингдек, у NFC модулига эга. 

Huawei nova 10 SE оқ, яшил ва қора рангларда бўлади. Ҳозирча смартфон қайси ҳудудлар учун ишлаб чиқарилиши ҳамда унинг нархи қанча бўлиши номаълум бўлиб қолмоқда. 

ЎҚИНГ: Яна бир Ultra смартфон тақдим этилди