Huawei компанияси Windows 10 асосидаги iPad Pro “қотили”ни намойиш қилди

Huawei компанияси Windows 10 асосидаги iPad Pro “қотили”ни намойиш қилди

Huawei компанияси Mobile World Congress 2016 кўргазмаси доирасида гибрид планшет ва MateBook ноутбукини намойиш қилди. Қурилма Intel Core M процессори ва Windows 10 операцион системаси асосида ишлайди.

Huawei MateBook – ноутбук ва клавиатурага уланадиган планшет гибриди бўлиб, унинг клавиатураси чармли жилд билан қопланиб, бир вақтнинг ўзида экранни ҳам ҳимоялайди. Гибрид тўрт хил, жумладан, жигарранг ва тўқ сариқ рангда савдога чиқарилади.

Huawei MateBook iPad Pro ва Microsoft Surface 3 Pro`га қараганда юпқароқ ва енгилроқ. Қурилмани қўлда тутиб туриш жуда қулай. Планшет қобиғи металлдан тайёрланган бўлиб, бармоқ изи сканери ва 4430 мАсоат ҳажмли аккумулятор билан таъминланган. Аккумуляторининг сиғими планшетнинг 10 давомида тинимсиз ишлаши учун етарли.

Қурилманинг қувватлаш ускунаси ноутбуклар учун анъанавий услубда ишлаб чиқилган, бироқ унинг вазни қарийб смартфонларники каби – 110 грамм.

MateBook`да ҳам стилус мавжуд бўлиб, MatePen қаламчаси планшетда сурат чизишга ҳам имкон туғдиради. Гибрид клавиатураси эса Microsoft Surface`никига ўхшаш бўлиб, тугмалари бир қатор юпқа ноутбуклар каби 1,5 миллиметрга босилади. Гибриднинг қалинлиги эса 6,9 миллиметрни ташкил этади.

Intel Core M3 проқессорли, 4 Гб тезкор ва 128 Гб доимий хотира билан таъминланган Windows-қурилманинг нархи 699 доллар бўлса, Core M7 чипи, 8 Гб тезкор ва 512 Гб доимий хотирага эга энг қиммат талқини 1599 доллардан савдога чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, бугун – 22 февраль куни Испаниянинг Барселона шаҳрида Mobile World Congress (MWC) 2016 – ахборот технологиялари соҳаси ва ҳукуматлар вакиллари, мобиль қурилмалар ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчилар иштирокидаги навбатдаги мобиль технологиялар ва ечимларга бағишланган Жаҳон мобиль конгресси бошланди.