Huawei Mate X2 чиқди: 100 карра зумга эга Leica камерали букламафон! (+видео)

  •   DiMaX
  •  1181
  •  23.02.2021 11:03

Huawei Mate X2 чиқди: 100 карра зумга эга Leica камерали букламафон! (+видео)

Хитойлик техногигант 2019 йили қайишқоқ экранли Mate X смартфонини тақдим этган ва 15 ноябрдан сота бошлаган эди. Унинг иккинчи авлоди – Mate Xs эса бултур намойиш қилинган бўлиб, унча-мунчага ўз нархини йўқотмайдиган ўнта смартфон рейтингига ҳам кирган.

ЎҚИНГ: Huawei раҳбари рақиблар флагманини дунёдаги энг зўр смартфон, деб эълон қилди!

Huawei компанияси энди янги флагман букламафони – Mate X2 моделини расман тақдим этди. Унинг иккита дисплейи бор – корпусининг ташқи қисмида диагоналига 6,45 дюймлик экран ўрнатилган. Унинг томонлари ўзаро 21:9 нисбатда, OLED матрицали, аниқлиги эса 2700х1160 пикселлик.

Букламафоннинг ички томонида эса диагоналига 8 дюймлик, деярли квадрат шаклдаги (томонлари нисбати 8:7,1) экран қўлланган ва у 2480х2200 пикселлик аниқликда тасвир узатишга қодир.

Huawei Mate X2 аппарат платформаси – Mate 40 туркуми смартфонлари орқали таниш бўлган, 5G-модемли Kirin 9000 процессоридир. Букламафон иккита SIM-карта слоти билан таъминланган ва иккита динамикка эга. Аккумуляторининг ток сиғими 4500 мА/соатлик ва у 55 ваттлик қувватда тезкор зарядлана олади.

ЎҚИНГ: iPhone 12 ҳамда Huawei Mate 40 мустаҳкамлигини тасодифан... кир ювиш машинасида синаб кўришди!

Компаниянинг олдинги букламафонларига нисбатан Mate X2 моделида интерфейс яхшиланган, кўп ойнали режим қулайлаштирилган. Қайишқоқ экранни қўллашда клавиатура икки қисмга ажралади ва икки қўлда териш осон бўлади.

Mate X2 квадрокамерасида асосий сифатида 50 мегапикселлик, оптик формати 1/1,28 дюймлик RYYB сенсор қўлланган. Уни диафрагмаси F/1,9 ҳамда фокуслаш масофаси 23 миллиметр бўлган объектив билан бириктиришган. Иккинчи модул 8 МПлик бўлиб, 10 карралик оптик зумга ва F/4,4 диафрагмали объективга эга. 12 мегапикселлик учинчи датчик F/2,4 диафрагмали объектив билан тақдим этилган ва 3 карралик зум имконияти бор. Бу учта модулда ҳам тасвирни оптик барқарорлаштириш функцияси мавжуд; тўртинчиси эса 16 мегапикселлик аниқликда ва ўта кенг бурчакли объектив билан бирлаштирилган. Leica мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган камерада максимал гибрид зум 100 каррани ташкил этади!

Huawei ушбу букламафонни ўз юртида тўрт хил – оқ, қора, мовий ва пушти корпусларда 25 февралдан сота бошлайди. Унинг доимий хотираси 256 гигиабайтлик варианти 18 000 юанга баҳоланган, бу эса нақ 2830 АҚШ долларига тўғри келади. Доимий хотираси 512 гигабайтлик Mate X2 учун эса хитойликлар 19 000 юань (2940 доллар) тўлашларига тўғри келади. Букламафоннинг ташқи бозорга чиқарилиши ҳақида ҳозирча бирор маълумот йўқ.

ЎҚИНГ: Эгасини рози қилган ўнта Android-смартфон (AnTuTu рейтинги, 2021 йил январь)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!