Huawei P50 ҳамда P50 Pro чиқди: Snapdragon 888 ва Kirin 9000, илғор камералар, янги дизайн ва HarmonyOS 2.0

  •   DiMaX
  •  11549
  •  30.07.2021 14:50

Huawei P50 ҳамда P50 Pro чиқди: Snapdragon 888 ва Kirin 9000, илғор камералар, янги дизайн ва HarmonyOS 2.0

Хитойлик етакчи техногигант ўзининг янги авлод флагман смартфонларини тақдим қилди. Ушбу туркумга Huawei P50 ҳамда P50 Pro моделлари кирган – бу гал «Pro+» версияси йўқ.

ЎҚИНГ: Huawei экраности селфи камерали смартфонни патентлади

Янги флагманларнинг асосий афзаллиги – одатдагидек, уларнинг камерасидир. Ҳар иккала смартфонда асосий модул 50 мегапикселлик аниқликка, f/1,8 апертурага ва тасвирни оптик барқарорлаштириш функциясига эга. Шунингдек, ҳар бир флагманда иккинчи сенсор 13 мегапикселлик ультра кенг бурчакли ва f/2,2 апертурали бўлиб, фокус олиш масофаси ҳар хил: Huawei P50 моделида 16 мм, Pro-версиясида эса 13 мм.

Huawei P50 модели номида «Pro» қўшимчаси бўлмаган, аммо перископ телеобъективли илк флагман эканлиги билан мақтана олади. Бу сенсорнинг аниқлиги 12 мегапикселлик, f/3,4 диафрагмали, оптик барқарорлаштириш тизимига ва 5 карралик зумга эга.

Huawei P50 Pro ҳам телефотомодул билан жиҳозланган, фақат унда оптик зум атиги 3,5 марта яқинлаштириб кўрсатишга қодир. Бироқ сенсор аниқлиги 64 МПгача оширилган, рақамли зум эса 10 каррадан зиёд.

Флагманларда камераларнинг тўртинчи датчиги эса 40 мгапикселлик монохром модул бўлиб, унинг фокусланиш масофси 23 мм.га тенг.

Катта модель XD Fusion Pro технологияси билан жиҳозланган, шунинг эвазига унинг камераси Huawei P40 Pro моделига таққослаганда 28% кўпроқ ёруғлик ўтказади. Ҳар иккала смартфон ҳам 60 FPS режимида 4K UHD форматли, 960 FPS режимида эса Full HD форматли видео олишга қодир.

Huawei P50 Pro флагмани икки хил модификацияда ишлаб чиқарилади: Kirin 9000 ҳамда Snapdragon 888 процессорли. Лекин уларнинг ҳеч бири 5G тармоғини қўллаб-қувватламайди. Huawei P50 эса фақат Qualcomm мобил процессори билан чиқарилади.

Флагманлар янги авлод OLED-экранлар билан таъминланган ва HDR технологиясини қўллаб-қувватлайди. Уларда экраности дактилоскопик датчик, 13 мегапикселлик олд камера тирқиши мавжуд. Huawei P50 моделида диагоналига 6,5 дюймлик, кадр янгиланиши 90 герцлик, Full HD+ форматли текис дисплей қўлланган. P50 Pro версияси эса четлари қайрилма, диагоналига 6,6 дюймлик, кадр янгиланиши 120 герц бўлган, 2700х1225 пикселлик экранга эга.

Ҳар иккала флагман ҳам стереодинамиклар, NFC, IP68 стандартидаги ҳимоя ҳамда HarmonyOS 2.0 операцион тизими билан тақдим этилмоқда. Стандарт моделда 4100 мА/соатлик, Pro-версияда эса 4360 мА/соатлик аккумуляторлар қўлланган. Улар симли усулда 66 ваттлик, симсиз усулда эса 55 ваттлик тезкор қувват ола билади.

Huawei P50 Pro смартфони 12 августдан 8-12 гигабайтлик тезкор ва 128-512 гигабайтлик ички хотирали модификацияларда, 930–1240 доллардан сотувга чиқади. Стандарт модел – Huawei P50 эса бозорга кузда тақдим этилади, унинг тезкор/доимий хотираси 8/128 гигабайтлик варианти 730 доллар, 8/256 гигабайтлиги эса 775 доллар туради.

ЎҚИНГ: ТОП-10: Энг секин арзонлашувчи смартфонлар (2021 йил июнь)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!