Huawei раҳбари 5G технологияга ўтиш вақти ҳамда мўъжизаларини маълум қилди

Huawei раҳбари 5G технологияга ўтиш вақти ҳамда мўъжизаларини маълум қилди

2025 йилга қадар жаҳонда интернет тармоғига уланган қурилмалар сони 100 миллиардга етади. Улар сайёрамиздаги аҳолининг 7 миллиард нафарига ўзаро алоқа  ўрнатишларига хизмат қилади.

Бу маълумотлар Huawei компаниясининг ижрочи директори, компания директорлар кенгаши раисининг ўринбосари Го Пиннинг Жаҳон мобиль конгресси 2016 анжумани чоғидаги маърузасида тақдим қилинган.

Жаноб Го Пин мобиль технологиялар, жумладан 5G янги авлод телекоммуникация стандартининг келажаги ҳақида фикрлари баён қилиб, мазкур янги алоқа тармоғининг қисқа фурсатдан сўнг оммалашиши кутилаётганини айтди.

Хитойлик маърузачининг қайд этишича, 5G технологиясини оммалаштириш учун соҳа олдида 3 та муҳим вазифа турибди: 1) тармоққа уланиш имконини кенгайтириш, 2) сунъий йўлдошли тизим ёрдамида маълумотни тепадан-пастга ва пастдан-тепага узатишни ривожлантириш, яъни вертикаль узатиш тизимларини яратиш 3) алоқа тармоқларининг ўтказувчанлик даражасини кўтариш.

Го Пиннинг айтишича, келажакда алоқада нафақат “инсон – қурилма”, балки “қурилма – қурилма” тамойили муҳим ўрин эгаллайди. Бугун ишлаб чиқариш ва турмуш тарзида алоқа ва ахборот алмашиш технологиялари билан ривожлантирилиши лозим бўлган 99 % қурилмалар ҳали бир-бири билан боғланмаган. Уларни ўзаро боғлаш учун эса тезкор ва сифатли 5G алоқа тармоғи зарур бўлади.

Мутахассиснинг фикрича, келажакда NarrowBand IOT – тор частотали буюмлар интернети ёрдамида “ақлли” буюмлар сенсор ва камералар орқали бир-бирлари билан алоқа ўрнатиб, ён-атрофдаги ҳолатни таҳлил қилиб, маълумот тўплаб, ахборот алмашадилар.

Шунингдек, маърузада 2025 йилга келиб жаҳон рақамлаштириш бозоридаги маблағ айланмаси 15 триллион АҚШ долларига етиши тўғрисида маълумот берилган. Го Пин ҳаётни қулайлаштиришга хизмат қиладиган “рақамли инқилоб”ни амалга ошириш учун соҳа вакиллари яқиндан ҳамкорлик қилиши муҳим аҳамият касб этишини билдирди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!