Huawei рекорд даражада тезкор 5G-модем ҳамда 5G-роутер намойиш этди

  •   DiMaX
  •  1060
  •  24.01.2019 16:21

Huawei рекорд даражада тезкор 5G-модем ҳамда 5G-роутер намойиш этди

Бешинчи авлод уяли алоқа технологиялари ривожланишда давом этмоқда. Турли компаниялар қатори, бу умумий тараққиётга хитойлик техногигант ҳам ўз ҳиссасини қўшаётир.

ЎҚИНГ: Huawei флагманлари учун 5G-модулли Kirin 990 процессори яқинда тақдим этилади

Пекин шаҳрида ташкиллаштирилган махсус тадбирда Huawei бош директори Ричард Ю компаниянинг янги ишланмасини расман тақдим қилди. Бу – 5G тармоғида маълумот алмашишга мўлжалланган Balong 5000 модемининг илк ишловчи намунасидир. Мазкур 5G-модемнинг рақиблардан асосий устунлиги – уяли тармоқда унинг ўта юқори тезликда маълумот алмаша олишидир.

Balong 5000 – икки хил, яъни автоном (SA) ҳамда автоном бўлмаган (NSA) тармоқ архитектураларини бир вақтнинг ўзида қўллай олувчи дунёдаги илк модемдир. Шунингдек, у аввалги авлод – 2G, 3G ҳамда 4G LTE тармоқлари билан ҳам ишлайверади. У каналлари частотага кўра (FDD) ҳамда вақтга кўра (TDD) тақсимланувчи маълумот алмашиш режимларини қўллаб-қувватлайди.

Синовлар мобайнида Balong 5000 юқори тезликни намоён этди: паст частотали (6 ГГц.гача) диапазонда 4,6 Гбит/сония, бир миллиметрлик диапазонда эса – 6,5 Гбит/сония.

Ишлаб чиқувчиларнинг сўзларига кўра, Balong 5000 модеми V2X (vehicle-to-everything) технологиясини қўллаб-қувватлайди ва автомобилларнинг борт тизимларига ҳам ўрнатилиши мумкин. Huawei вакилларининг таъкидлашларича, ушбу 5G-модем самарадорлиги LTE-ечимлардан кўра ўн карра юқоридир!

ЎҚИНГ: 4G ва 5G’ни амалда ўзаро таққослаб кўришди: кутилмаган натижа!

Шунингдек, тадбир давомида Huawei 5G CPE Pro русумли янги маршрутизатор (роутер) ҳам намойиш қилинди. Мазкур гаджет уяли алоқа тармоқларининг 4G ҳамда 5G авлодлари билан ишлай олади. Намойиш чоғида ушбу роутер орқали 1 гигабайтлик видеофайлнинг юкланишига атиги 3 сония етарли бўлди.

Бундан ташқари, мазкур маршрутизатор Wi-Fi 6 стандартини ҳам қўллаб-қувватлайди ва уланиш тезлигини 4,8 Гбит/сониягача чиқаришга қодир. Бу девайс Huawei томонидан «ақлли уй» қурилмалари учун ишлаб чиқилган HiLink платформасига интеграциялашади.

Дарвоқе, Balong 5000 русумли 5G-модем ва Kirin 980 процессори базасидаги смартфон MWC 2019 кўргазмасида тақдим қилинади.

ЎҚИНГ: 5G тармоғига назар: имкониятлар, муаммолар ва смартфонлар...

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!