ИИВ 1 ноябрдан интернетни туну кун кузатмоқда

  •   DiMaX
  •  6949
  •  02.11.2017 18:29

ИИВ 1 ноябрдан интернетни туну кун кузатмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2017 йил 30 октябрда 882-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда Norma.uz сайтига таянган ҳолда Kun.uz нашри хабар берган.

Мазкур хизмат ИИВ Ташкилий-инспекторлик ва ахборот-таҳлилий бош бошқармасининг ОАВ билан ҳамкорлик қилиш хизмати ҳамда ҚР ИИВ, вилоятлар ИИБ ва Тошкент шаҳри ИИББ матбуот гуруҳлари негизида ташкил этилади. Матбуот хизматини ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси бошқаради. Бошқарма раҳбари ИИВ раҳбарининг матбуот котиби ҳам ҳисобланади, дейилади хабарда.

Матбуот хизмати тизимига: Бошқарма, «Postda» – «На посту» газеталари, «Qalqon» – «Щит» журналларининг бирлашган таҳририятлари, ҚР, вилоятлар ИИБ ва Тошкент ШИИББ, соҳавий хизматлар ва таълим муассасаларининг матбуот гуруҳлари киради.

Матбуот хизмати вазифаларига ОАВ ва интернет тармоғида пайдо бўлаётган ҳамда ички ишлар идоралари обрўсига путур етказувчи материалларни туну кун кузатиш ва таҳлил қилиш ҳам киради. Бу каби ахборотларга зудлик билан чоралар кўрилади.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонлик Facebook фойдаланувчиси бўҳтони учун жиноий жавобгарликка тортилади

Бундан ташқари, 2017 йил 1 декабрдан эътиборан кенг жамоатчиликда акс-садо берган воқеаларни ўз вақтида ва ишончли равишда, хусусан ИИВ ваколатли мулозимлари томонидан эфир орқали ёритиш тартиби тасдиқланади.