Ижтимоий тармоқда ҳокимга туҳмат қилган шахс озодликдан маҳрум этилди

  •   DiMaX
  •  678
  •  14.03.2019 08:46

Ижтимоий тармоқда ҳокимга туҳмат қилган шахс озодликдан маҳрум этилди

Интернет, айниқса ижтимоий тармоқлар зарур ахборот, мулоқот майдони бўлибгина қолмай, айрим уйдирмачилар маконига ҳам айланиб бормоқда. Яқинда шундайлардан бирига нисбатан суд ҳукми ўқилди, деб ёзади Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонлик Facebook фойдаланувчиси бўҳтони учун жиноий жавобгарликка тортилади

Шундайлардан бири – Қ.С. интернетдаги Odnоklassniki.ru ижтимоий тармоғида ўзининг номига очилган профилга «Адолат излаб», «Адолат қачон?» деб номланган видео маълумотларни жойлаштирган, дейилади хабарда.

Унда гўёки туман ҳокими давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан тил бириктириб, уни ва акаси Э.С.ни айбсиз бўлсалар-да, уларга нисбатан ноқонуний далиллар тўплатиб қаматиб юборгани, фермер хўжалиги ер майдонларини ноқонуний тортиб олиб, пора эвазига бошқа бир фуқарога бериб юборгани айтилган. Унинг сўзларига қараганда, туман ҳокими 15-20 гектар ерни 5-10 минг АҚШ долларидан сотиб юборган. Бу гаплар билан у туман ҳокимини жуда кўп миқдорда пора олганликда айблаб, била туриб уни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиб, қасддан туҳмат қилган.

Қ,С. бу қилмиши билан чекланиб қолмай, фирибгарлик билан ҳам шуғулланиб, иккита одамнинг иш ҳақини бермай келган.

– Инсон ҳар қандай қилмиши учун жавоб беради, албатта, – дейди Жиноят ишлари бўйича Хонқа тумани суди раиси Мақсудбек Қиличев. – Айниқса, бировга асоссиз туҳмат қилиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Қ.С. томонидан амалга оширилган ишлар, видеоматериалларда тилга олинган ҳолатлар тегишли тартибда ўрганиб чиқилди. Натижада бу фуқаро айтган гапи, келтирган фактларини далиллар билан исбот қилиб бера олмади. Қ.С. қилган туҳмати ва фирибгарлиги учун 1 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

ЎҚИНГ: Халқ таълими вазирлиги: "Facebook'даги пост бўйича жиноий иш очилди"

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.