Иловаларингизда жосус сервис бўлиши мумкин!

  •   DiMaX
  •  1319
  •  09.02.2017 15:40

Иловаларингизда жосус сервис бўлиши мумкин!

Афтидан, App Store ва Google Play дўконларида фойдаланувчининг шахсий маълумотларини «бошқа томонга» жўнатиши мумкин бўлган легал иловалар ҳам бор. Дастурий таъминот ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи Lodoss компаниясининг ҳаммуассиси Дмитрий Ковалёв бу ҳақда Facebook’да ёзган, дея хабар беради 4pda.ru сайти.

Унинг сўзларига кўра, кўпчилик дастурлар ичига ўрнатилган, Appsee деб номланган оммабоп таҳлил сервисини шундай созласа бўлар эканки, у фойдаланувчининг қурилмаси экранидаги тасвир ва ҳаракатларни видео тарзида ёзиб олиши мумкин экан. Натижада бирор дастурни ишлаб чиқарувчилар шу дастурни ўрнатган қурилма эгаларининг экранида киритилган ҳар қандай маълумотни, жумладан, банк картаси рақами ва бошқа махфий шахсий маълумотларни ҳам видео кўринишида ола билар эканлар.

Маълум бўлишича, Appsee фойдаланувчининг экранга ҳар бир тегинишини, силашини ва бошқа ҳаракатларини қайд этиб боради. Назарий жиҳатдан олганда, бу функция ўша дастурдан фойдаланувчилар қай тарзда фойдаланиб, қанақа муаммоларга дуч келаётганликларини дастур муаллифлари аниқлашлари учун жорий этилган. Бироқ жиноятчилар сервиснинг шу функциясидан ғараз мақсадларда фойдаланишлари ҳам мумкин.

4pda.ru сайти бунга аниқлик киритиш мақсадида Дмитрий Ковалёв билан боғланиб, шу масалага ойдинлик киритишган. Шунингдек, мазкур модулга эга илова App Store’да модерациядан ўтиши ва фойдаланувчиларнинг маълумотларини ўғирлаши эҳтимоли ҳақида ҳам сўрашган. Мутахассиснинг жавоби кутилмаган жавоб бўлган:

Ҳа, мен ўзим ҳам ҳайрон қолдим бундан. Биз ичида мана шу Appsee ёқиқ ҳолда жойланган тўртта илова тайёрладик ва App Store’га жойладик. Буни қарангки, Apple бу иловаларимизни ҳеч бир муаммосиз модерациядан ўтказиб юборди, бирор марта ҳам рад этмади. Биламизки, баъзида дастурлар айрим ҳаракатлар учун фойдаланувчининг розилигини сўрашади: «илова сизнинг контактларингизни кўришга рухсат сўраяпти», «илова сизнинг камерангиздан фойдаланишга розилик сўраяпти» қабилида. Лекин агар иловада Appsee ёқилган бўлса, у фойдаланувчидан ҳеч қанақа рухсат сўраб ўтирмайди.

Саволингизга қисқача жавоб берадиган бўлсам, бунақа иловалар ҳам модерациядан ҳеч бир тўсиқсиз ўтади, улар ёрдамида маълумотларни ўғирлаш ҳам анчагина осон.

Таъкидлаш керакки, Appsee мазкур соҳада жуда оммабоп ва ўзига яраша нуфузга ҳам эга.  Расмий сайти маълумотларига кўра, iOS ва Android учун иловалар ишлаб чиқувчи бир неча ўнлаб дастурий таъминотчилар ушбу таҳлил сервисидан фойдаланиб келишади. Улар орасида дунёдаги миллионлаб қурилмаларга ўрнатилган дастурлар ҳам мавжуд.

Демак, смартфонингиздаги бирор илова ичида Appsee ёқиқ бўлса, у сизнинг экрандаги ҳаракатларингизни «бошқа жойга» юбориб келаётган бўлиши эҳтимоли юқори.