Instagram'га тез кунда репост қилиш функцияси қўшилади

Instagram'га тез кунда репост қилиш функцияси қўшилади

Meta'нинг Instagram ижтимоий тармоғи тез кунда фойдаланувчиларга постларни "репост" қилиш, яъни қайта пост қилиш имконини берадиган хусусиятни қўшади. Бу ҳақида TechCrunch хабар бермоқда. Маълум бўлишича, янги функция биринчи бўлиб таниқли ижтимоий тармоқлар консултанти, Матт Наварра томонидан аниқланган. У ўзининг расмий Twitter саҳифасида Instagram'даги Repost ёрлиғини кўрсатадиган скриншотни улашди. 

Расмдан кўриш мумкинки, Repost ёрлиғи фойдаланувчи профилидаги постлар, Reels'лар ва бошқа ёрлиқлар қаторига қўшилади. Эҳтимол, ушбу бўлимда сиз ўзингиз қайта улашган барча постларни топишингиз мумкин.

"Биз лентадаги постларни қайта улашиш имкониятини ўрганмоқдамиз - худди уларни Story'ларда қандай улашишингиз мумкин бўлганидек. Биз буни тез орада кам сонли одамлар билан синаб кўришни режалаштирмоқдамиз." дейди Meta вакили TechCrunch'га электрон почта орқали.

Алессандро Палуззининг хабар қилишича, Instagram бир неча ойдан бери ушбу функция устида ишлаб келмоқда. Шунингдек, унинг сўзларига кўра репост қилиш тугмаси постни улашиш менюсида ҳам пайдо бўлади. Бундан ташқари сиз репост қилган постингизга жавоб қайтаришингиз ҳам мумкин.

Айни вақтда фойдаланувчилар Instagram'да бошқа бир одамнинг постини ўзларининг Story'ларида улашишлари мумкин. Янги қўшиладиган функцияси эса фойдаланувчиларга постларни тўғридан-тўғри лентага репост қилишнинг имконини беради. Бироқ, ҳозирда кўпчилик буни амалга ошириш учун учинчи томон иловаларидан фойдаланишади. 

Instagram репост қилиш функциясини ўз платформасига қўшаётган биринчи платформа эмас. Ушбу хусусият анчадан бери Twitter'да мавжуд. Айтиш керакки, Instagram'нинг ашаддий рақобатчиси ҳам бир неча ойдан бери репост қилиш функциясини синовдан ўтказиб келаётган эди, лекин Instagram ва Twitter'нинг репост хусусиятидан фарқли ўлароқ, TikTok'да репост қилинган видеолар сизнинг профилингиз пайдо бўлмайди.

ЎҚИНГ: Motorola Edge 30 Fusion ва Edge 30 Neo моделлари тақдим этилди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.