Intel ноутбуклар учун илк 6 ядроли 8-авлод чипларини тақдим қилди

Intel ноутбуклар учун илк 6 ядроли 8-авлод чипларини тақдим қилди

Американнинг Intel компанияси 2017 йилнинг якунларига кўра процессор ишлаб чиқаришдаги глобал етакчилик унвонини Samsung компаниясига бой бериб қўйди. Таниқли ишлаб чиқарувчи сўнгги 25 йил мобайнида бу борада яққол пешқадам бўлиб келаётган эди.

Бир муддат аввал Пекинда ўтказилган расмий тақдимотда Intel 8-авлод Coffee Lake мобил процессорларини тақдим қилди. Intel бирваракайига жамоатчилик эътиборига 11 та Coffee Lake мобил процессор моделлларини ҳавола қилди. Жумладан, 6 ядроли Core i7 ва Core i9 процессор моделлари тез орада ноутбук ва планшетларда ўрнатила бошлайди.

Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, саккизинчи авлод чипсетлари янги меъморий ечимга асосланган. Натижада, улар ўйинларни аввалги чипсетларга қараганда 41% га самаралироқ қайта ишлайди. Шу билан бирга, бундай процессорлар 4K сиғимли видеоларни 59% га тезкор қайта ишлаш хусусиятига ҳам эга. Бу эса процессорлар ўрнатиладиган мобил қурилмалар қувватни тежашда ҳам илғор бўлишларини англатади.

Чипмейкер маълумотларни техник қайта ишлаш жараёнини қисқартиришга эришгани туфайли Core туркумига кирувчи янги процессорлар моделларининг қизиб кетиш даражаси ҳам камайган. Янги техник меъморий ечим мобил қурилмаларнинг тезкор ишлаши учун айни муддао. Яъни, жараён қисқариши ва самарадорликнинг ошгани чипсетнинг частота тезлигини ҳам оширади.

Натижада, 6 ядроли Intel Core i9-8950HK флагман чипининг частота тезлиги 2,9 ГГц.га тенг бўлади. Яъни, процессорнинг бир секундда амалга оширадиган амаллар миқдори шунчага тенг. Чатота ўлчами қанча юқори бўлса, самарадорлик ҳам шу қадар ошиб боради.

Turbo Boost режими ёрдамида янги авлод чипларининг частота ўлчами 2 баробарга ошиб, 4,8 ГГц.га етади. Яқин йилларгача ҳам бундай самарадорлик хусусида бирор ишлаб чиқарувчи орзу ҳам қилолмас эди. Энди эса бундай технология ҳақиқатга айланди.

Intel Core i9-8950HK флагман процессорининг баҳоси Америкада $583 долларга тушади. Бошқа мамлакатларда эса нарх янаям юқорилайди. Маълум қилинишича, MSI GT75 Titan ўйин ноутбуки мазкур чипга эга бўлган илк ноутбук бўлади. Бу гаджетнинг баҳоси $3 999 долларни ташкил қилади.

Intel тақдим қилган 6 ядроли процессорларнинг энг арзони $395 доллардан сотилади. Кўриниб турибдики, биз бу илғор чипларни 2018 йилнинг қимматбаҳо ноутбукларида кўришимиз мумкин бўлади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!