Интернетда кимларни излаш энг хавфли?

  •   DiMaX
  •  16264
  •  03.10.2018 12:02

Интернетда кимларни излаш энг хавфли?

Ҳозирги кунда бирор таниқли шахс ҳақида турли маълумотларни одатда интернетдан излаймиз. Аммо бу қидирувлар ҳамиша ҳам хавфсиз бўлавермас экан.

ЎҚИНГ: Чеҳрани таниб олиш тизими орқали одамни исталган ижтимоий тармоқдан топса бўлади

Жумладан, «Orange is the New Black» сериалидаги актриса Руби Роуз – жорий йилда онлайн қидириш энг хавфли бўлган машҳур шахс ҳисобланади. Бу ҳақда интернет хавфсизлигига ихтисослашган McAfee компанияси хабар берган.

Айтилишича, Руби Роузни излашда қидирув натижалари орасида хавфли ҳаволалар ҳам чиқади. Улар эса зиёнкор веб-сайтларга элтади, деб ёзади USA Today нашри.

Интернетдан излаш хавфли бўлган машҳурлар рейтингида иккинчи ўринни АҚШ реалити-ТВ юлдузи Кристин Каваллари эгаллаган. Учинчи ўриндан эса француз актрисаси Марион Котияр жой олган. Шунингдек, Кортни ва Ким Кардашьянлар ҳам излаш тавсия этилмайдиган шахслар қаторига киритилган.

McAfee компанияси вакили Гэри Дэвис сўзларига кўра, интернет фойдаланувчиларнинг машҳур шахсларга қизиқишларидан хакерлар ғараз мақсадлари йўлида фойдаланишади. Зиёнкор веб-сайтларга элтувчи ҳаволалар яратиб, уларни ўша машҳурларни қидириш натижаларида чиқадиган қилишади. Демак, шунчаки бирор актриса ё хонанда ҳақида маълумот излаётиб ҳам компьютерингизга вирус юқтириб олишдан эҳтиёт бўлинг.

ЎҚИНГ: Браузерда қидирувлар тарихини тозалаймиз

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!