iPhone 14 олд камераси янгиланади

iPhone 14 олд камераси янгиланади

Apple шу йилнинг сентабр ойида ўзининг навбатдаги iPhone 14 смартфонини чиқаришга тайёрланмоқда ва тақдим қилиниш санаси яқинлашар экан, янги авлод айфони ҳақида янгидан-янги маълумотлар тарқалмоқда. iPhone 14 смартфонлари 48 мегапикселли орқа камералар билан чиқарилиши ҳақида бир неча маротаба миш-мишлар тарқалди. Эндиликда смартфоннинг олд камераси ҳам икки йилдан кейин ваниҳоят сезиларли даражадаги янгиланишларни қабул қиладиганга ўхшайди.

Таниқли iPhone таҳлилчиси Минг-Чи Куонинг сўзларига кўра, барча iPhone 14 моделлари - iPhone 14, iPhone 14 Мах, iPhone 14 Pro, ва iPhone 14 Pro Мах янгиланган олд камера билан таъминланадилар. Гарчи ҳозирча олд камера сенсори неча мегапиксел бўлиши айтилмаган бўлсада, таҳлилчи унинг автофокус ва f/1.9 диафрагма қўллаб-қувватланишини маълум қилмоқда.

Таққослаш учун, бугунги кундаги iPhone 13 нинг барча моделлари f/2.2 диафрагма ва белгиланган фокус хусусиятига эга олд камерага эга.

Кенгроқ диафрагма билан смартфонлар кўпроқ ёруғлик билан суратлар олиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, камеранинг янгиланиши Портрет ва Кино режимидаги фотосуратлар ва видеолар учун майдон чуқурлиги эффектини яхшилаши айтилмоқда. Шу билан бирга, олд камерада автофокуснинг қўллаб-қувватланиши FaceTime қўнғироқлари ёки учинчи томон иловалари ёрдамида видео қўнғироқлар пайтида фокусни кучайтиради.

Бундан олдин iPhone 14 Pro моделлари таблетка ва юмалоқ шаклидаги янгича дизайнда бўлиши ҳақида бир неча маротаба хабарлар берилган эди.

ЎҚИНГ: iPhone 14 линияси жонли суратларда