iPhone 14 қатори кўпроқ оператив хотирага эга бўлади

iPhone 14 қатори кўпроқ оператив хотирага эга бўлади

Apple кўпинча ўз смартфонларини худди Android ишлаб чиқарувчиларидек кўпроқ оператив хотира билан таъминламагани учун танқид қилинади. Албатта, купертинолик компания ўз iPhone'ларини унчалик кўп RAM билан чиқармайди, лекин улар Android смартфонларичалик хотирага чанқоқ эмаслиги ва мобил қурилманинг ишлашига келганда iPhone'лар унча-мунча кўп хотирали Android смартфонлардан кўра "силлиқроқ" ишлаши барчага маълум. Шунга қарамай, Apple ўзининг бу йилги iPhone 14 қаторидаги смартфонлари учун кўпроқ оператив хотира жорий қилиши мумкин.

Тайванлик TrendForce компаниясининг маълум қилишича, сентабрда чиқарилиши кутилаётган iPhone 14 смартфонларининг барча моделлари 6ГБ оператив хотирага эга бўлади. Бунда iPhone 14 ва iPhone 14 Мах учун LPDDR4X хотирасидан фойдаланилса, Pro моделлар бироз тезроқ ишлайдиган LPDDR5 хотира тури билан таъминланиши айтилмоқда. Таққослаш учун ўтган йилги оддий iPhone 13 Mini ва iPhone 13 моделлари 4 GB, iPhone 13 Pro ва Pro Мах моделлари эса 6 GB RAM билан LPDDR4X хотира турида чиқарилган.

Шунингдек, TrendForce улашган жадвалга кўра, iPhone 14 ва 14 Мах моделлари Apple'нинг А15, iPhone 14 Pro ва iPhone 14 Pro Мах эса А16 чипсетларига эга бўлади. Смартфонларнинг доимий хотира ҳажми эса стандарт моделларда 128/256/512 GB'гача бўлса, Pro моделларда 256/512 GB ва 1 TB'гача бўлади.

Камералар ҳақида гапирадиган бўлса, барча моделлар учун 12 MP селфи камера қўлланиши маълум қилинмоқда. iPhone 14 моделлари 12 MP иккилик, iPhone 14 Pro моделлари эса иккита 12 MP ва битта 48 MP орқа камера сенсорлари билан чиқарилади.

Ташқи томонда оддий моделлар алюминий рамка билан қопланса, Pro моделларда бу пўлатдан қилинган бўлади.

6.1 ва 6.7 дюймли тўрт хил моделларда чиқариладиган iPhone 14 смартфонларини Apple  сентабрда тақдим қилиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Snapdragon 8+ Gen 1 чипи билан чиқариладиган илк смартфон

 
 
 
 
Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!