iPhone 6 Plus'ни янги айфонлардан бирига бепул алмаштириш мумкин бўлди

iPhone 6 Plus'ни янги айфонлардан бирига бепул алмаштириш мумкин бўлди

Apple компанияси iPhone 6 Plus флагманини янги моделларга алмаштириб бериш дастурини эълон қилди. Бу дастурнинг жорий қилиниши эски айфонларнинг аккумуляторини алмаштириш билан юзага келаётган муаммолар билан боғлиқлиги айтилмоқда. Гап шундаки, ҳозирги вақтда компания томонидан аввалги моделлар учун аккумуляторлар ишлаб чиқарилмаяпти.

Шу муносабат билан, Америка Қўшма Штатларида iPhone 6 Plus фойдаланувчилари энди эскириб қолган девайсларини янги айфон моделларига бепул алмаштиришлари мумкин. Бу тўғрида MacRumors нашри Apple томонидан расмий хизмат кўрсатиш марказларига юборилган ҳужжатга асосланиб хабар тарқатмоқда.

Қайд этилишича, фойдаланувчилар мартга қадар эски гаджетларини янгисига алмаштиришлари мумкин. Айтиш жоизки, эски айфонларида бирор носозлик кузатилган, жумладан "қувват тоши" билан боғлиқ камчилик юзага келган тақдирдагина бу "ақлли телефон" янги моделга алмаштириб берилади.

Эслатиб ўтамиз, бир муддат аввал Apple компаниясининг атайлабдан эски iPhone қурилмаларида самарадорлигини пасайтириб қўйиши тўғрисидаги хабарлар катта шов-шувларга сабаб бўлган эди. Буни компания тасдиқлагач, мазкур иқрор Apple нуфузига ҳам салбий таъсир кўрсатди.

Компания ўз фойдаланувчилари орасидаги ҳурматини тиклаш учун ҳам Америкада ҳали ҳам оммабоп бўлган iPhone 6 Plus флагманини такомиллашган моделга янгилаб беришга қарор қилган кўринади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!