iPhone бунақа жазирамага бардош беролмаслиги мумкин

  •   DiMaX
  •  1488
  •  22.06.2017 18:02

iPhone бунақа жазирамага бардош беролмаслиги мумкин

Ёзда, хусусан, бизнинг Ўрта Осиёда ҳаво ҳарорати юқори бўлиши маълум. Мутахассислар бунақа иқлим шароитида смартфонларни иссиқдан авайлаш кераклигини айтишмоқда. Англиянинг Корнуолл шаҳридаги аёлнинг iPhone’и ички қисмлари қуёшда эриб кетганлиги эса эҳтиёткорликни ошириш учун яна бир сабаб бўла олади. Бу воқеа хусусида CultofMac нашри хабар берган.

Кафеда тушлик қилаётиб, аёл ўз сумкасидан смартфонини чиқаради ва уни дераза токчасига – қуёш нурлари тўғридан-тўғри тушиб турган жойга қўяди. Кейин қўлига олганида, iPhone 6s энди ишламаётганини пайқайди.

Аёл мурожаат этган сервис маркази ходимларининг таъкидлашларича, аввал бундай ҳолатга умуман дуч келишмаган. «Олдин мен смартфонни бунақа аҳволда олиб келишганини умуман кўрган эмасман, – дейди устахона соҳиби. – Дисплей шлейфлари, асосий камера модули – барчаси том маънода эриб кетган экан».

Қуёшда эриб кетган смартфон ва унинг соҳибаси ҳақида бошқа маълумот берилмаган. Афтидан, компаниянинг кафолати бу қадар ўзига хос шикастланишларни ўз ичига олмайди ва энди аёл янги смартфон харид қилишига тўғри келади. Албатта, кейин уни иссиқдан, қуёш нурларидан асрайди ҳам.

Apple’нинг бу борадаги расмий нуқтаи назари маълум: iPhone’ни Цельсий шкаласи бўйича 35 даражадан юқори ҳароратда ишлатмаслик кераклиги унинг қўлланмасида ёзилган. Ушбу тавсияга амал қилмаслик эса смартфоннинг айрим функциялари ишдан чиқишига олиб келиши мумкин, дея таъкидланган. Бироқ iPhone’нинг ички қисмлари том маънода эриб кетиши мумкинлигидан улар огоҳлантиришмаган.

Таъкидлаш керакки, бу ҳолатнинг аввалги йилларда кўп учраган воқеалар – аккумуляторларнинг портлашига алоқаси йўқ.

Нима ҳам дердик, биз ҳам сайтимиз ўқувчиларига, ўзларининг смартфон ва бошқа қурилмаларини жазирамадан, айниқса тикка қуёш нурларидан эҳтиёт қилишларини тавсия этамиз.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!