iPhone SE 4 илк маротаба сифатли рендерларда кўрсатилди

iPhone SE 4 илк маротаба сифатли рендерларда кўрсатилди

Apple ўзининг iPhone SE смартфонларини аввалги флагманлари дизайнида чиқаришга одатланган. Масалан, илк iPhone SE модели 2016 йилда iPhone 5 дизайнида, орада бир неча йил пауза бўлганидан кейин эса, 2020 йилда иккинчи авлод iPhone SE модели iPhone 7 дизайнида, ундан сўнг 2022 йилда учинчи авлод iPhone SE эса iPhone 8 дизайнида чиқарилган. Навбат iPhone Х'нинг тирқишли дизайн эрасига.

Apple'нинг навбатдаги тўртинчи авлод iPhone SE смартфони илк маротаба сифатли рендерларда кўрсатилди. YouTuber Жон Проссернинг сирли манбалари улашган маълумотларга асосланиб, Иан Зелбо томонидан тайёрланган рендерлар iPhone SE 4'да бўладиган катта дизайн ўзгаришлари ҳақидаги аввалги миш-мишларни тасдиқлайди.

Рендерлардан кўриш мумкинки, iPhone SE'нинг янги версиясидан "Home" тугмаси олиб ташланган. Шунингдек, унинг олд камераси iPhone Х'да бўлгани каби катта тирқиш дизайнига эга. Аммо, шуни таъкидлаш керакки, iPhone SE бюджет модел бўлгани сабаб, Apple смартфон нархини оширмаслик учун уни FaceID билан жиҳозламаслиги мумкин ва бунда янги iPhone SE тирқиши сезиларли даражада кичик бўлиши мумкин.

Бўлажак смартфоннинг орқа томони эса бир қарашда iPhone ХR'ни эслатиб юборади, ёхуд iPhone SE 4 асосий камераси ва LED чироғи бу сафар пастка қараб туширилган, ён томонлама жойланмаган. 

Янги смартфонда Ҳоме тугмасининг олиб ташланиши, бармоқ изини аниқлайдиган сканер билан ҳам "хайрларшиш"ни англатади. Бироқ узунқулоқ хабарларига кўра, Apple навбатдаги iPhone SE'да ҳам Touch ID'ни сақлаб қолиши, уни iPad Air ва iPad mini'да бўлгани каби ён тугмага интеграция қилиши ҳам мумкин.

Ҳозирда қурилма техник хусусиятлари ҳақида бирон нима дейиш қийин, чунки iPhone SE 4 кейинги йили эмас, 2024 йилда чиқарилиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Xiaomi 13 бу сафар кумуш рангда қўлга тушди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.