iPhone ёрдамида нималар қилиш мумкин?

iPhone ёрдамида нималар қилиш мумкин?

Замонавий телефонлар ҳаётимизга кириб келиши билан куну тун ҳамроҳимизга ва ёрдамчимизга айланди. Дастлаб, фақатгина алоқа мақсадида ишлаб чиқарилган телефон ҳозир суратга олиш, интернетга кириш, қайдларни сақлаш ва бошқа шунчалик кўп вазифаларни уддалайдики, қизиқчимиз Ҳожибой Тожибоевнинг универсал буғдой ўрувчи тўғрисидаги латифаси эсга тушади.

Биз хизматга шай телефонимиз асосий вазифасидан ташқари қандай ишларни бошқаришга қодир эканлигини аниқладик.

  1. Уйни иситиш. Ҳароратни ростлаш, кондиционерни бошқаришни iPhone иловаси ёрдамиа удалаш мумкин. Кондиционерни ўчиришни унутиб уйдан чиққан бўлсангиз, iPhone билан ўчиришингиз мумкин. Ёки уйга қайтишдан ярим соат аввал иситгични ёқиб қўйсангиз, илиқ ҳароратли уй сизни кутади.
  2. Хавфсизлик. Албатта, сизни қутқариш учун йўлтўсарнинг бурнига ўхшатиб туширадиган муштумзўр-смартфон ҳали ишлаб чиқарилмади. Аммо iPhone билан бошқарилувчи DoorBot эшик қулфи чақирилмаган меҳмон тасвирини айфонингиз экранига узатади. Кўриниши ёқса киритасиз, ёқмаса …
  3. Кир ювиш. iPhone бўлса кир ювиш режимлари ва тартиби хусусида бош қотирмайсиз. Moshi Matic “кир ювадиғон мошинаси” ва айфон иловаси – тамом. Кир-чирларни машинага солиш ва чиқариб олиш сиздан.
  4. Ёритиш. “Ақлли” чироқлар, тунчироқлар ёруғлигини созлаш учун DeLight иловаси мавжуд. 
  5. Ўйинчоқлар. Ёшлигимизда пластмасса, ёғочдан ясалган машинача, самолётчаларни қўл билан “дрр”, “варр” дея “юргизар” эдик. Вақт етиб аккумуляторлиси чиқди. Яқинда Шон Гойтен номли эринмаган ўйинчоқсоз эса iPhone ёрдамида бошқарилувчи самолётчалар яратди. 
  6. Яхтада сайр. Албатта, бу ҳамманинг ҳам чўнтагига тўғри келмайди, аммо Adastra Superyachtsни 15 млн долларга сотиб олган бойвачча айфони билан яхтани ўз йўриғига солиши мумкин. 
  7. Чойхўр дастёри. Инновацион чойнак iKettle билан танишинг. Шу номдаги илова билан WiFi тармоғи орқали улана олади. Эрталаб уйғонасиз ва қўлга телефонни олиб хотинга эмас, чойнакка буйруқ берсангиз чой тайёр. 
  8. Автомобилга буйруқ бериш. Viper компаниясининг SmartStart иловаси сизнинг ўрнингизга машинани ўт олдиради, қулфланганини текширади, сигнализацияни ишга туширади. Бунинг учун автомобиль ёнида бўлишингиз шарт эмас, айфон ёнингизда бўлиши шарт. 
  9. Маҳсулотларни сақлаш. LG компанияси айфон билан бошқариладиган Smart ThinQ совуткичларини ишлаб чиқармоқда. Нимаси қизиқ, дейсизми? Совуткичдаги маҳсулотлар штрих-кодини аниқлаб, холодилник айфонга хабар беради, айфон эса “бугун қўй гўштига қайнатма шўрва қилишни тавсия қиламан, картошка, сабзи-пиёз бор” деган мазмунда маслаҳат беради. Бундан ташқари маҳсулотлар муддати ўтганлигини назорат қилиш ҳам қулай. 
  10. Мусиқа тинглаш. Тўғри, ҳозир, деярли барча телефонда мусиқа эшитиш мумкин. Аммо симсиз бошқарилувчи Sonos мусиқа тизими WiFiга боғлангач, айфонингиз ёрдамида истаган куйга ўйнатишингиз мумкин. 

Ҳозир ХХI аср, фан-техникадан ҳар нарсани кутса бўлади. Ажаб эмас, эртага совуткич “хўжайин, сиз дам олинг, бозорга бориб келай, гўшт тугабди”, деса ёки машина “болаларни боғчадан олиб келгани кетдим”, деб қолса …

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!