Ишда ва ҳаётда фойдаланиш учун оммабоп ва қулай 5 та илова

Ишда ва ҳаётда фойдаланиш учун оммабоп ва қулай 5 та илова

Гап бизнес, тадбиркорлик, даромад тўғрисида кетганида вақт ва тезкорлик истеъмолчилар ва ҳамкорлар билан алоқа ўрнатиш, бошқарув ва ишни тўғри ташкил қилишнинг муҳим омилларига айланади. Қуйида сизга алоқаларни ўрнатиш, бошқарув, ҳисоб-китоб масалаларида ва электрон имкониятлардан фойдаланган ҳолда, кичик бизнес ва тадбиркорлигингизни ривожлантиришга ёрдам берадиган 5 та энг оммабоп иловалар ҳақида маълумот бермоқчимиз.

  1. Dropbox (маълумотлар қутиси)

Электрон ҳужжат ва маълумот алмашинувида баъзида биз жўнатаётган файл ҳажми катта бўлса, уни юборишга қийналиб қоламиз. Энди бу масалани ечишнинг замонавий йўли мавжуд. dropbox иловасидан рўйхатдан ўтиб, сиғими 2 Гб.гача маълумот юклаш учун электрон майдонга эга бўласиз. Бу ерга маълумотларни юклаб олиб, уни ҳамкорлар билан ўртоқлашиш мумкин бўлади.

Шунингдек, Dropbox ёрдамида бир уринишда бир неча ҳамкорларга ёки ҳамкасбларга кўплаб файллардан фойдаланиш имконини беришингиз мумкин.

Ушбу қулайликдан. шу билан бирга Google Drive, Box ёки One Drive электрон иловалари ёрдамида ҳам фойдалансангиз бўлади. Мазкур ҳар бир хизматнинг ўзига яраша қулайликлари ва камчиликлари мавжуд. Танлаш ҳуқуқи эса ўзингизда.

  1. TeamViewer (жамоавий кўриш)

TeamViewer коммуникацияга мўлжалланган иловалар ичида Skype дан кейинги ўринда турувчи, бизнес вакиллари орасида оммалашган электрон софтвер маҳсулотлардан бири. Баъзида қўнғироқ ёки электрон почта орқали ҳамкасбларга, ҳамкорларга ниманидир тушунтириб бериш қийинчилик туғдиради. Илова бирор жараённи масофадан туриб, кўрсатиб беришга хизмат қилади. Илованинг номи ҳам у жамоавий ҳамкорликка ихтисослаштирилганини англатиб турибди. Унинг ёрдамида ҳамкорингиз, ҳамкасбингиз сизга унинг компьютеридан фойдаланишингизга рухсат берса, илова ёрдамида фикрларингизнинг барчасини амалда, тасвир ёрдамида уларга кўрсатиб беришингиз, бирор амални бажаришингиз мумкин.

Бу илова Windows ҳамда Mac операцион тизимларида ишлашга мўлжалланган.

  1. Wave Accounting (ҳисоб-китоб юритиш)

Қоғоздаги ҳисоб-китоб ёки бухгалтерия ишини компьютерда электрон шаклда амалга оширишнинг ўз йўл-йўриқлари бор. Компьютер ҳисобчи ишини қанчалик енгиллаштирган бўлса, янги иловалардан энди бундан ҳам самаралироқ фойдаланиш мумкин. Кичик бизнес вакиллари фойдаланишига мўлжалланган бу илова барча ҳисоб-китобларни онлайн юритиш имконини беради.

Бу илова орқали ҳисоб-китобларни бошқариш, тўловларни назорат қилиш, онлайн усулда ойлик маошларни ёзишингиз мумкин. Тайёр бланкларни тўлдириш ҳисобчига ҳар томонлама қулайдир. Бу вақтни ҳам тежалишига олиб келади.

Илованинг чегараланган хизматларидан фойдаланиш бепул. Бошқа қулайликлардан фойдаланишни билиш учун Wave Accounting www.waveapps.com электрон ресурсидан билиб олинг.

  1. Bitrix24

Ходимлар, мижозлар ва жамоа ўртасида самарали мулоқотни ташкил этишни истаганлар учун Bitrix24  иловаси айни муддао. Customer Relationship Management, яъни мижозлар билан алоқани бошқаришда ушбу бепул дастурий таъминот маҳсулоти юқори қулайликлар беради. Bitrix24 нинг ички ижтимоий тармоғи ёрдамида файлларни алмашиш, ҳисоботларни тақдим қилиш мумкин. Яна бир ўзига хослиги унинг ёрдамида телефон рақамларига қўнғироқларни амалга оширса бўлади. У  Android ҳамда iOS мобиль операцион тизимларида ҳам ишлашга мўлжалланган.

Илова кичик бизнесга хос режалар, 12 тагача ходим ҳамда 5 Гб ҳажмдаги маълумотлар учун бепул электрон майдонни бепул беради.

  1. Evernote

Evernote кўпчилик томонидан фойдаланиладиган софтвер маҳсулот. Бизнесмен жудаям банд одам. У доимо янги режалар, муҳим учрашувларда юрадиган одам. Табиийки, бу жараёнда баъзида тартибсизлик келиб чиқиши, барчасига улгуриш қийиндек туйилади. Мазкур илова тадбиркорга қайдларни, эслатмаларни ёдига солади ва ишларини режалаштиришига кўмаклашади. Кўпчилик компания директорлари уни “электрон котиб” ҳам дейишади. Уни компьютер ёки телефонга ҳам ўрнатса бўлади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!