«ЖОНЛИ» ТЕСТ ВИДЕОСИ: iPhone 11 Pro Max кучлими, ёки унинг ярим нархидаги Xiaomi Mi 10 Pro?

  •   DiMaX
  •  3695
  •  29.02.2020 14:55

«ЖОНЛИ» ТЕСТ ВИДЕОСИ: iPhone 11 Pro Max кучлими, ёки унинг ярим нархидаги Xiaomi Mi 10 Pro?

Xiaomi корпорацияси яқинда навбатдаги флагманлари – Xiaomi Mi 10 ҳамда Mi 10 Pro моделларини намойиш қилган. Булардан иккинчиси DxOMark сервисида ҳам камера, ҳам овоз имкониятлари бўйича энг зўр смартфон, деб топилган.

ЎҚИНГ: «Ўйин бошланди» – AnTuTu’нинг янги қироли Xiaomi Mi 10’ни тор-мор этмоқчи!

Хўш, Antutu бенчмаркида 585 232 баллик рекорд натижа кўрсатган ушбу смартфоннинг самарадорлиги амалда қанақа ўзи? NickBrazer никли YouTube-блогер шунга аниқлик киритиш мақсадида уни реал шароитларда синаб кўрсатди. Бунда хитойликларнинг флагманига рақобатчи сифатида унча-мунча эмас, нақ iPhone 11 Pro Max танланган.

Шундай қилиб, влогер бу икки флагманда кундалик иловалар ва ўйинларнинг ишга туширилиши, қанақа тезликда Wi-Fi тармоғига уланиши ва файллар юклаши, видеони қанчалик тезкор кўриб чиқиши ва ҳоказо вазифалар бўйича тезкорликни синаб кўрган.

Шунингдек, смартфонлар камерани қанчалик тез очиши, тезда олд камерага ўтиши ва расмга олиши кабиларни ҳам, PUBG каби «оғир» ўйинларнинг юкланиш тезлигини ҳам солиштирган. Ҳар бир вазифанинг бажарилишидаги ғалаба учун смартфонларга биттадан балл бериб борган ва охирида якуний хулосани чиқарган.

ЎҚИНГ: «Сайёрамиздаги энг қудратли смартфон» AnTuTu’да салкам 621 000 балл олди!

Охир-оқибатда, умумий баллар миқдорига кўра Xiaomi Mi 10 Pro ғолиб чиққан. Лекин айрим вазифаларда iPhone 11 Pro Max яққол устунликка эга – масалан, видео рендеринг қилишга у атиги 13 сония сарфлаган, хитойликларнинг флагманига эса бунинг учун салкам бир ярим дақиқа вақт керак бўлган. Шунингдек, Xiaomi смартфонида ўйинларнинг юкланиши ҳам анча секин кечган.

Мана, самарадорлик тестини қуйидаги видеода томоша қиламиз:

Аксарият вазифаларда бу икки смартфон деярли бир хил натижа кўрсатганига қараб шундай хулоса қилиш мумкин: замонавий флагманлар аксарият ҳолларда бир хил тезликда ишлайди. Фақат видеони қайта ишлаш ва ўйинлар юклаш ва ўйнаш каби нисбатан мураккаброқ вазифаларда Apple смартфонлари устунликка эга.

Лекин нархидаги фарқ ҳам аҳамиятли – Xiaomi флагмани Хитойнинг ўзида энг зўр айфоннинг салкам ярим нархида сотиляпти, ахир!

ЎҚИНГ: Galaxy S20 Ultra автономлик тестида iPhone 11 Pro Max’ни зўрға енгди, лекин ғолиб – бултурги флагман!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!