«Касперский лабораторияси» WannaCry вирусини Шимолий Корея яратган, дея гумон қиляпти

  •   DiMaX
  •  1098
  •  17.05.2017 10:41

«Касперский лабораторияси» WannaCry вирусини Шимолий Корея яратган, дея гумон қиляпти

«Касперский лабораторияси»нинг бош антивирус эксперти Александр Гостев ўзининг Facebook саҳифасида, WannaCry товламачи-вирусига Lazarus кибергуруҳи алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган. Унинг сўзларига кўра, вирусдаги код Lazarus троян дастурларидаги код билан бир хил.

2014 йили Disney компаниясига уюштирилган киберҳужум, шунингдек, 2016 йилнинг февралида Бангладеш Марказий банкидан 81 миллион АҚШ доллари ўғирлаш жиноятида ҳам Lazarus хакерлар гуруҳи айбдор бўлиши мумкин.

«SWIFT орқали банкларни ўмарган ҳамда Sony Pictures’га зарар етказган шимолий кореяликларни эслайсиз-ку. Ҳа, бу ўша – биз кейинги пайтларда кўп эшитган Lazarus гуруҳи. Текширув ишлари тобора чуқурлаштирилган ҳолда олиб борилмоқда ва WannaCry вирусида ҳамда Lazarus троянларида айни бир хил код мавжудлиги аниқланди. Қўрқаманки, бундан кейин биз энди интернетда Шимолий Кореяни кўрмаймиз», дея таъкидлайди Гостев.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 май куни бутун дунё бўйлаб WannaCry товламачи-вирус тарқалди. У компьютерни блоклаб қўйиб, блокни ечиш учун фойдаланувчидан тўлов талаб қилади. Ўзбекистонда ҳам мазкур вирус ҳужумига учраган компьютерлар мавжуд. WannaCry товламачи-вируси 150 дан зиёд мамлакатда 200 мингдан ошиқ интернет фойдаланувчига зарар етказиб, ўзининг яратувчиларига 42 минг доллар ишлаб берган. Кейинчалик Microsoft WannaCry вирусининг айбдорини ва ҳимояланиш чорасини айтган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!