Кокаин можароси: Samsung ва бошқалар атиги 349 долларлик букламафондан нега қўрқяпти?

  •   DiMaX
  •  1476
  •  06.01.2020 14:00

Кокаин можароси: Samsung ва бошқалар атиги 349 долларлик букламафондан нега қўрқяпти?

Колумбиялик таниқли наркобарон Пабло Эскобарнинг туғишган акаси Роберто Эскобар яқинда ўзининг биринчи буклама смартфонини намойиш қилганди. Escobar Fold 1 деб номланган бу гаджет энг арзон букламафон бўлиб чиқди – нархи атиги 349 доллар!

ЎҚИНГ: Машҳур наркобароннинг акаси энг арзон букламафон тақдим этди ва Apple’ни яксон қилишга сўз берди!

Хабарингиз борки, Лас-Вегас шаҳрида 7–10 январь кунлари Истеъмолчилар электроникаси кўргазмаси (ёки Маиший электроника шоуси – Consumer Electronics Show, CES 2020) ташкил этиляпти. Маълум бўлишича, тадбир ташкилотчилари Escobar Fold 1 смартфонининг унда намойиш этилишига рухсат беришмаган.

Escobar Inc. компанияси бош директорининг сўзларига кўра, смартфонлар бозори етакчилари бундай ажойиб, шу билан бирга арзон букламафон билан рақобатга киришишдан чўчишяпти.

Айтиш керакки, ҳозирда энг оммабоп ва зўр буклама смартфонлар – Samsung Galaxy Fold ҳамда Huawei Mate X бўлса, Escobar Fold 1 ўзининг арзонлиги билан бозорда ўз ўрнини топиши кутилаётган эди.

ЎҚИНГ: Samsung «раскладушка»сини илк «жонли» расмларда батафсил томоша қилинг!

Интернетда кўргазма ташкилотчиси – Consumer Technology Association раҳбарияти ҳамда Роберто Эскобар орасидаги ёзишма тарқалган. Маиший технологиялар ассоциацияси фикрича, тадбирда Escobar Fold 1 ҳамда унинг яратувчилари қатнашиши «яхши ғоя эмас».

Escobar Inc. раҳбари эса, ўз навбатида, шундай деяпти:

«Бизнинг ўзи билан битта тадбирда, ёнма-ён туришимиз ҳамда уникидан сифатлироқ маҳсулотни аъло нархда тақдим этишимиздан Samsung қўрқяпти. Аслида эса, бизнинг овозимизни чиқармаслик учун улар ўз кучини қўллаяпти. Лекин улар билишмайдики, Пабло Эскобар улардан анча аввал ҳам бўлган ва улардан кейин ҳам бўлади».

Дарвоқе, Escobar Fold 1 смартфонини тақдим этган наркобароннинг акаси пиар сифатида «Apple’ни йўқ қилиш» стратегиясини танлаган. Нима ҳам дердик, воқеалар ривожини бирга кузатамиз, биздан узоқлашманг.

ЎҚИНГ: Apple Store’га салкам бир килограмм наркотик модда етказиб беришди!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!