Мегапиксел смартфон камерасидаги энг муҳим омилми?

Мегапиксел смартфон камерасидаги энг муҳим омилми?

Шубҳасиз, охирги йилларда смартфон камералари сифати анча яхшиланди ва бу давом этмоқда. Хўш, мобил камерага юқори сифатли суратларни олиш имконини берадиган фактор нимада?

Ушбу мақолада биз смартфон камерасининг сифатини белгиловчи бир неча омилларни кўриб чиқамиз.

Пикселлар сони ва ҳажми

Мегапикселлар, эҳтимол, мобил камераларнинг энг таниқли хусусиятларидан биридир. Чунки кўп одамлар мегапиксели юқори бўлган камерали смартфон мегапиксели паст камерали смартфонга қараганда яхшироқ суратга олади деб ўйлайди. Албатта, бу гапда ҳам жон бор, бироқ бунда камера сифатини белгилаб берувчи бошқа муҳим омиллар ҳам мавжуд. 

Смартфон камерасининг сенсори юзасида миллионлаб ёруғлик тортадиган фотосайтлар мавжуд. Фотосуратдаги пикселлар сони камера сенсоридаги фотосайтлар сонига тўғри келади.

Мегапиксел бир миллион пикселни ташкил қилади. Демак, 12МП камерада олинган суратда 12 миллион пиксел (4000 Х 3000) бўлади. Бу, шунингдек, камера сенсори юзасида 12 миллион фотосайтлар бўлишини англатади. Камера мегапикселларининг умумий сони резолюция деб аталади. 

Камера пиксели қанча кўп бўлса, унинг резолюцияси шунча баланд бўлади. Бу расмнинг аниқлик даражаси юқори эканлигини билдиради. Агар телефондаги суратни катта ҳажмда чоп этмоқчи бўлсангиз, юқори резолюциядаги сурат пикселланиш сабабли ўз сифатини йўқотиб қўймайди. 

Пиксел ҳажми пикселлар сони каби камерада муҳим аҳамиятни касб этади. Чунки сенсордаги катта ҳажмли пиксллар кичик пикселларга нисбатан ёруғликни яхшироқ қабул қилади. Бу ёруғлик паст бўлган жойларда сифатли суратларни олишга ёрдам беради. 

Сенсор ўлчами 

Сенсор ҳар қандай рақамли камеранинг энг муҳим қисми ҳисобланади. У фотосайтлар орқали олган ёруғликдан рақамли тасвирни яратиш вазифасини бажаради. Сенсорнинг ўлчами смартфон камерасининг сифатини аниқлашда жуда муҳим омил ҳисобланади, чунки у сенсорга қанча фотосайт сиғиши ва улар қанчалик катта бўлиши мумкинлигини белгилайди.

Резолюция ва камера сифати ўртасидаги нозик мувозанат бўлиб, сенсорда қанча кўп пиксел бўлса, уларнинг ҳажми шунча кичик бўлади. Бу билан юқори резолюциядаги суратларни олиш мумкин, бироқ пикселлар ҳажми кичик бўлгани сабаб ёруғлик паст бўлган жойда олинган суратда рақамли шовқин пайдо бўлиш эҳтимоли юзага келади. 

Бошқа томондан, катта сенсорлар ўзига катта фотосайтларни жойлаштириши мумкин, яъни ёруғлик яхши бўлмаганда, сенсор сифатли тасвирларни олиш учун зарур бўлган ёруғликни қабул қила олади. Аммо катта ҳажмли пиксел сенсорда пикселлар сони камайишига сабаб бўлади. 

Демак, смартфон камерасида пикселлар сони кўп бўлиши унчалик муҳим эмас. Ҳозирда мегапиксели юқори бўлган камерага эга смартфонлар компанияларнинг маркетинг ҳийласи бўлиб қолмоқда. Биз эса камера сифатини белгиловчи омилларни санашни давом этамиз. 

Линза ва унинг сифати 

Линзалар камерага кирадиган тарқоқ нурни йиғиш ва уни сенсорга йўналтириш вазифасини бажаради. Шу сабабли, хроматик аберация (ёруғлик синиши сабабли камера фокусни ололмаслиги) ва бошқа муаммоларни олдини олиш учун сифатли линзалар камера учун зарур. Линзанинг сифати ҳақида гапириш бироз мушкул. Сабаби уни кўриш ёки ушлашнинг имкони мавжуд эмас. Ягона йўл бу смартфон камерасини тест қилувчи сайтлар орқали смартфон камера линзасининг сифатини билиб олиш. 

Айрим смартфон ишлаб чиқарувчи компаниялар фойдаланувчиларнинг смартфон камераларига бўлган ишончини ошириш учун камера линзаларини ишлаб чиқарувчи машҳур компаниялар билан ҳамкорлик қилишади. Мисол учун, Nokia тарихда Ziess компанияси билан ҳамкорлик қилган. Ҳозирда Huawei ҳамда Xiaomi компаниялари Leica билан, OnePlus ва Oppo эса Hasselblad компанияси билан ҳамкорлик қилмоқда. 

Диафрагма

Юқорида ёруғлик камера учун нақадар муҳим нарса эканлигини билиб олдик. Диафрагма ҳам ёруғлик билан боғлиқ, аниқроқ қилиб айтганда, у ёруғликни камерага кириб келишини таъминлайди. 

Диафрагма линзаси “f“ ҳарфи билан кўрсатилади. Пастроқ f рақам, кенгроқ диафрагма дегани. Мисол учун, f/1.4 диафрагма f/2.2 га қараганда кенгроқ ҳисобланади. Кенгроқ диафрагма бу яхшироқ сурат дегани. Чунки камера ёруғлик қанча кўп етиб борса, у янада сифатли суратни тақдим этади. Аммо бунда ҳам ёруғлик меёрдан ошмаслиги керак. 

Айрим линзаларда диафрагма ўзгарувчан бўлади. Оддийроқ қилиб айтганда, бунда камерага қанча ёруғлик кириб боришини бошқариш мумкин. Samsung компаниясининг флагман моделлари ўзгарувчан диафрагмага эга. 

Тасвир сигнали процессори

Тасвир сигнали процессори смартфоннинг асосий қисми ҳисобланадиган чипда жойлашган бўлади. У сенсор томонидан олинган ёруғлик маълумотларини қайта ишлаш ва уни мобил видео ҳамда фотосуратларга айлантириш вазифасини бажаради. 

Тасвир сигнали процессорида суратга олинган расмга ишлов берилади. Бу жараёнда суратдаги айрим камчиликлар тўғирланади. Сифатли тасвир сигнали процессори рангларни худди реал ҳаётдаги каби тасвирлаб, суратни сифатли чиқишини таъминлайди. 

Тасвир сигнали процессорининг кучи, шунингдек, ҳисоблаш фотографиясида ҳам номоён бўлади. Мисол учун, портрет суратларда бокеҳ эффектини ҳосил қилишни олайлик. Оддий камерлар бу эффектни табиий ярата олади, аммо смартфон камералари бундай қила олмайди. Ҳисоблаш фотографиясига HDR ва тунги режимларни ҳам мисол қилиб келтириш мумкин. Оптик ҳамда рақамли зумни бирлашмаси ҳисобланувчи гибрид зум ҳам тасвир сигнали процессорининг ҳисоблаш фотографиясига алоқадор функциядир. 

Қисқа қилиб айтганда, агар смартфонга ўрнатилган чипнинг тасвир сигнали процессори яхши бўлса, у камерада олинган суратларни яхши қайта ишлай олади. Бундан ташқари, HDR, портрет ҳамда тунги режимда олинган сурат ва видеолар сифати яхшиланади.

Бошқа омиллар

Камера сифатини оширувчи яна бир неча омиллар мавжуд. Тасвир стабилизацияси ҳам видео ва суратлар сифатини оширишга ёрдам беради. Асосан флагман смартфонларда оптик стабилизация бўлади. Бу видеодаги силкинишларни олдини олиб, видео барқарорлигини таъминлайди. Автофокус ҳам камеранинг асосий функцияларидан бири. У асосан объектни камера фокусидан чиқиб кетишини олдини олади. 

Хулоса 

Юқоридаги барча фикрлардан келиб чиқсак, мегапикселини камера сифатини белгиловчи асосий омил дейиш мушкул бўлади. Тўғри, мегапиксели юқори камера аниқ деталлашган суратларни тақдим этади. Бироқ, биргина бу билан сифатли суратларни олиш қийин. Ҳозирда смартфон ишлаб чиқарувчи компаниялар маркетинг ҳийласи билан бюджет смартфонларга ҳам 108МП, ҳатто 200МП камерларни ўрнатишмоқда. 

Агар ушбу смартфонларнинг техник кўрсаткичларига қарайдиган бўлсак, камера сенсорининг ҳажми кичик, пиксел сони ва ҳажми орасидаги номутаносиблик, тор диафрагма, кучсиз чипсет, автофокус ва стабилизациянинг йўқлиги каби камчиликларга кўзимиз тушади. Шунинг учун ҳам фақат мегапиксел билан камера сифатини баҳолаш катта хато ҳисобланади.

ЎҚИНГ: HDR ва Dolby Vision нима ва улар қандай вазифани бажаради?