Meta (собиқ Facebook) ўзбекистонлик дастурчиларга сармоя киритади

Meta (собиқ Facebook) ўзбекистонлик дастурчиларга сармоя киритади

Қорақалпоғистонлик Бекназар Абдикамалов ва Азиз Муртазоев сингапурлик ҳамкори Жастин Ким билан биргаликда “Ami” руҳий саломатлик бўйича стартап ишга тушириш учун Meta (Facebook) томонидан 3 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция жалб қилди, дея хабар бермоқда IT-Park ўз веб-сайтида.

Маълум бўлишича, лойиҳа руҳий саломатлик хизматини янада қулайроқ қилиш учун онлайн маслаҳат сеансларини ўз ичига олади. Бу Осиё мамлакатларидаги бизнес эгаларига ўз ходимларининг руҳий саломатлигини яхшилаш имконини беради.

Стартап асосчилари таъкидлашича, бундай платформани яратиш ғояси пандемиядан кейин пайдо бўлган, негаки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2022 йил март ойидаги ҳисоботига кўра, пандемиядан сўнг бутун дунё бўйлаб депрессия, тушкунлик даражаси 25 фоизга ошган.

"Биз Ami жамоасининг иштиёқи ва истеъдодидан ҳайратдамиз. Уларнинг Осиё аҳолисига руҳий саломатликларини сақлаш йўлида яна бир усул тақдим этиш саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқчимиз", дейди “Meta” компаниясининг инвестициялар бўлими раҳбари Сунита Парасураман.

Осиёнинг улкан стартап марказлари Сингапур ва Жакартадан ташқари, Ami стартапини бутун Осиё бўйлаб кенгайтириш, бу орқали компанияларга руҳий саломатлик платформаси ёрдамида юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш имкониятини яратиш режалаштирилмоқда.

Дастурчиларимиз томонидан яратилган платформада фойдаланувчилар рўйхатдан ўтиш жараёнида махсус формани тўлдирадилар ва жараён давомида ўзларини энг кўп ташвишлантираётган масалалар ҳақида маълумотларни киритадилар. Олинган маълумотларга кўра, платформа уларни керакли шифокор билан боғлайди ва шу тариқа мутахассисдан зарур психологик ёрдам олинади.

ЎҚИНГ: Google'дан яқин орада букламафон кутиб овора бўлманг

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.