Mi Pad 4 Plus – Xiaomi’нинг янги, атиги 275 долларлик, металл корпусли, энг йирик планшети

  •   DiMaX
  •  1357
  •  14.08.2018 17:51

Mi Pad 4 Plus – Xiaomi’нинг янги, атиги 275 долларлик, металл корпусли, энг йирик планшети

«Хитойча Apple» турли-туман гаджетлар билан ҳаммани лол қолдириб чарчамаяпти. Бугун – 14 август куни ушбу компания Mi Pad 4 Plus планшетини расман намойиш этди.

ЎҚИНГ: Атиги 170 долларлик, аммо металл корпус ва «ақлли» камерага эга Xiaomi Mi Pad 4 тақдим этилди

Xiaomi бу гал ортиқча шов-шув қилиб ўтирмасдан, Mi Pad 4 Plus ҳақидаги маълумотларни сайтда эълон қилиб қўяқолди. Мазкур планшет металл корпусга ҳамда диагоналига 10,1 дюймлик экранга эга. Ромлари юпқалаштирилган дисплейнинг тасвир аниқлиги 1920х1200 пикселни ташкил этади.

Mi Pad 4 Plus учун Snapdragon 660 процессори танланган, у 4 гигабайтлик тезкор хотира билан ҳамкорликда ишлайди. Планшетнинг аккумулятори 8620 мА/соатлик ток сиғимига эга. Асосий камераси 13 мегапикселлик аниқликда; 5 мегапикселлик олд камераси эса юз сканери билан таъминланган – у эгасининг қиёфаси ёрдамида қурилмани қулфдан чиқара олади. Шунинг учун ҳам бу гаджетга бармоқ изи датчиги татбиқ этилмаган.

Xiaomi ушбу девайсига 4G ҳамда GPS модуллари билан таъминлаган. Корпусга эса ҳам анъанавий 3.5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши, ҳам замонавий USB Type-C порти ўрнатилган. Қурилма Android 8.1 Oreo операцион тизими базасидаги MIUI 10 график қобиғи билан ишлайди.

Янги планшет савдоси 16 августданоқ бошланиши айтилмоқда. Харидорлар унинг қора ёки тилларанг корпусли вариантини олишлари мумкин бўлади. Доимий хотираси 64 гигабайтлик Mi Pad 4 Plus учун 275 доллар, унинг 128 гигабайтлик талқини учун эса 305 доллар нарх белгиланган.

ЎҚИНГ: Mi Pad 4 LTE планшети арзон нархда сотувга чиқарилди