Microsoft Office’да энди гапириб туриб матн тердириш мумкин!

  •   DiMaX
  •  1364
  •  24.06.2017 12:25

Microsoft Office’да энди гапириб туриб матн тердириш мумкин!

Microsoft компанияси каттароқ ҳажмли матнни қўлда теришга эринадиганларга атаб Microsoft Office учун махсус Dictate қўшимчасини тақдим этди. Унинг ёрдамида ўз компьютерингиздаги микрофонда матнни ўқиб (гапириб) туриб тердиришингиз мумкин, деб ёзади Лайфхакер.

Ушбу қўшимчани ўрнатганингиздан сўнг Microsoft Office’ни ўчириб қайта ёқишингиз, кейин эса дастур созламаларида Dictate қўшимчасини фаоллаштиришингиз талаб этилади. Шунда Outlook, Word ва PowerPoint дастурлари интерфейсларида нутқни англашга жавоб берувчи янги варақа пайдо бўлади. Унинг ёрдамида гапириб туриб матн териш имконияти юзага келади.

Айни дамда Dictate асосий йигирмата тилни «билади», улар орасида рус тили ҳам бор. Бундан ташқари, у матнни йўл-йўлакай 60 та тилдан бирига ўгириб ҳам бера олади. Тўғри, мазкур қўшимчага ўзбек тили ҳали киритилмаган, аммо русча матн билан ишлашда у сизга ҳам қўл келиши мумкин.

Нутқни англаш ва реал вақт режимида бошқа тилга ўгиришда Windows’га ўрнатилган Cortana интеллектуал ёрдамчиси ҳамда Microsoft Translator таржимони кўмакка келади.

Microsoft Dictate иловасини мана бу ҳавола орқали ушбу лойиҳанинг уй саҳифасидан олиб ўрнатиш мумкин. Бунинг учун аввал компьютерингизда офис тўпламининг қайси – 32 битли ёки 64 битли версияси ўрнатилганлигини аниқлаб, қўшимчанинг шунга мос версиясини кўчириб олишингиз лозим. Шунингдек, унинг ишлаши учун .Net Framework 4.5.0 ёки ундан кейинги версияларидан бири ҳам ўрнатилган бўлиши керак.