Microsoft тасодифан Windows 12 прототипини кўрсатиб қўйди

Microsoft тасодифан Windows 12 прототипини кўрсатиб қўйди

Бир неча кун олдин бўлиб ўтган Ignite 2022 конференсиясида Microsoft ўзининг Teams иловаси янги версиясини тақдим этаётиб тасодифан Windows'нинг навбатдаги версияси дизайнини ошкор қилиб қўйди, дея хабар бермоқда Windows Central.

Видеодан скриншот қилиб олинган ҳақиқий тасвирда сиз бош Windows менюси ҳозирги Windows 11'да бўлгани каби марказлашган ҳолатда жойлашганлигини, лекин вазифалар панели эндиликда ҳавода муаллақ тургандек, пастдан ва ён томонлардан юмалоқлаган бурчаклар билан ажралиб турганлигини кўришингиз мумкин. Шунингдек, вазифалар панелида сиз об-ҳаво ёки бошқа тизим иконкаларини кўрмайсиз, ёхуд улар энди пастда эмас юқорида жойлашган: сана, батарея ва Wi-Fi кўрсаткичлари ўнг юқори бурчакда, қидирув панели юқори марказда, об-ҳаво маълумотлари эса чап юқори бурчакда жойлашган.

Windows Central'нинг ўз манбаларига асосланиб қўшимча қилишича, Microsoft ҳали ҳам Windows 12 кўриниши устида ишламоқда, лекин ушбу тарқалиб кетган дизайн компания навбатдаги Windows версиясида фойдаланмоқчи бўлган прототипларнинг биридир. Юқоридаги тасвир хира бўлганлиги учун қуйида унинг қайта яратилган вариатини кўришингиз мумкин.

Фото: Windows Central (Зак Боуден)

Microsoft ўзининг Windows операцион тизими учун янгиланишлар стратегиясини ўзгартирган ва ўзининг аввалги уч йиллик стратегиясига қайтган эди. Бунда ҳозирги Windows кичик йил бўйлаб кичик янгиланишларни қабул қилишда давом этади. Ҳар уч йилда эса Microsoft катта Windows янгиланишини, ёхуд янги авлодни чиқаради. Масалан, Sun Valley код номли Windows 11 ўтган йилнинг 2021 йилда чиқарилган бўлса, унинг давомчиси — Next Valley код номли Windows 12 эса 2024 йил кузида чиқарилиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Энди Windows'да экранни ёзиб олиш учун қўшимча дастур ўрнатиш шарт эмас

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.