Мобил иловаларни юклаб олиш ва харид қилиш борасидаги рекорд яна бир бор янгиланди

Мобил иловаларни юклаб олиш ва харид қилиш борасидаги рекорд яна бир бор янгиланди

Кеча App Annie компанияси томонидан эълон қилинган янги ҳисоботга кўра, жаҳон бўйича мобил иловаларни юклаб олиш ва уларга маблағ сарфлаш рекорди яна бир бор янгиланган. Жорий йилнинг биринчи чораги якуний ҳисоб-китобларига таяниладиган бўлса, iOS ва Google Play интернет дўконларидан иловларни юклаб олиш ўтган йилнинг шу давридагидан 10 фоизга ошиб, 27,5 миллиардга етган. Бу бутун мобил иловалар тарихидаги энг катта кўрсаткичдир. Ўз навбатида iOS ва Google Play интернет дўконларида фойдаланувчилар томонидан мобил иловалар учун сарфланган маблағ ўтган йилдагидан 22 фоизга ошиб, жами $18,4 миллиардни ташкил этган - бу ҳам рекорд рақамдир.

Бироқ App Annie фақатгина иловаларнинг бир марталик юклаб олинишини ҳисобга олгани сабабли иловаларни юклаб олиш, уларни янгилаш ёки қайта юклаш амаллари билан бирга ҳисоблаганда, юқоридаги интернет дўконлари хизматидан фойдаланиш кўлами бунданда кенгроқ, демоқда кузатувчилар.

Бундан ташқари, App Annie фақатгина иловалар ва уларга обуналарни сотиб олиш, иловалар ичидаги пуллик хизматлардан фойдаланишни ҳисобга олгани учун мобил интернет дўконларидаги пул айланмаси ҳисоботда кўрсатилганидан сезиларли кўпроқдир. Ҳисоботда иловалар орқали тарқатиладиган рекламадан келадиган маблағлар ёки Android платформасига мўлжалланган иловаларда учинчи томон учун тўланадиган пул оқими ҳисобга олинмаган.

Иловалар савдоси бўйича бундай ҳисобот илк бора эълон қилинмаяпти. Шу пайтгача олиб борилган ҳисоб-китоблар ва кузатувлар мобил иловалар савдоси фақатгина ўсишда эканлигини кўрсатмоқда. Айниқса, байрам кунлари иловаларни юклаб олиш суръати кескин ошиб кетади. Шунингдек, Хитой, Ҳиндистон ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларидан мобил иловаларни юклаб олиш даражаси йил сайин кескин ошиб бораётгани айтилмоқда.

Жорий йил бошида Ҳиндистон, Индонезия ва Бразилиядан Google Play дўконидан иловалар юклаб олиш суръати ортган бўлса, АҚШ, Россия ва Туркия учлиги App Store ўсишига катта хисса қўшган.

ЎҚИНГ: App Store бўйича йилнинг энг яхши илова, мусиқа, фильм ва ўйинлари

Мобил иловалар учун энг кўп пул сарфлаган давлатлар учлиги ҳам аниқланган. АҚШ, Япония ва Филиппин учлиги Google Playъдан иловалар харид қилиш бўйича пешқадамга айланган. Play Store'нинг иловалар хариди бўйича йиллик ўсиши 25 фоизга ошган бўлса, App Store'даги айни кўрсаткич 20 фоизни ташкил қилган.

Шунингдек, айнан қайси тоифадаги мобил иловалар энг машҳурлиги ва фойдаланувчилар томонидан кўп харид қилиниши ҳам аниқланган. Мусиқа ва аудио тоифасига кирувчи иловалар Google Play'да харидлар бўйича биринчиликни қўлга киритган. Иловалар орқали фойдаланувчиларга етказиладиган мусиқа ва видеоларга пуллик обуна бўлиш кўлами кескин ошган. Ўтган йили ҳам иловалар орқали етказиладиган видеоларга бўлган талаб 77 фоизга ошган эди.

ЎҚИНГ:2018 йил 1-чорагидаги энг зўр Android-иловалар ва мобил ўйинлар

Соғлом турмуш тарзи ва фитнесга алоқадор иловаларни юклаб олиш ҳамда харид қилиш ҳам сезиларли ортган. Бундай тоифадаги иловаларни юклаб олиш ва харид қилиш борасида, жорий йилнинг биринчи чораги бўйича, АҚШ, Буюк Британия, Германия етакчилик қилмоқда.

Ҳисобларга кўра, айни вақтда Google Play ва App Store, биргаликда ҳисоблаганда, 6,2 мобил иловани юклаб олиш ҳамда харид қилишни таклиф қилмоқда.

Ҳисоботдан кўриниб турибдики, мобил иловалар бозори сезиларли даражада кенгайиб, рақобатга бой майдонга айланиб бормоқда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!