Навбатдаги Telegram янгиланиши шу ерда!

Навбатдаги Telegram янгиланиши шу ерда!

Telegram мобил иловаси 9.3 версияга янгиланди ва у биз аввал хабар берган қуйидаги ўзгаришларни ўз ичига олади.

Медиани яшириш

Роппа-роса бир йил аввал Telegram матнлар учун спойлер форматини тақдим қилган эди. Бу сафарги янгиланиш билан эса ушбу хусусият медиа учун ҳам кенгайтирилди, яъни, ҳа, энди сиз расмларни ҳам хиралаштирилган форматда юборишингиз мумкин.

Қурилма хотирасини максимал тежаш

Ушбу янгиланишда "Маълумотлар ва Хотира" бўлими диаграмма билан янгиланган ва энди сиз чатлар, гуруҳлар ва каналлар учун алоҳида кешларни автоматик тозалаш созламасини ўрнатишингиз мумкин – алоҳида чатларга эса истиснолар қўйса ҳам бўлади.

Янгиланган медиа таҳрирловчиси

Ушбу версияда сиз медиа муҳаррири дизайни янгиланганлигини кўришингиз мумкин. Энди у ерда хиралаштирадиган чўтка, расмдаги рангни аниқлаш воситаси ҳам бор. Шунингдек, энди сиз расмга матн қўшаётганингизда унинг ўлчами, шрифти ва фонини ўзгартиришингиз ҳам мумкин. Қолаверса, фойдаланувчилар Premium обунага эга бўлмасалар ҳам расмларга махсус анимацияли эможилар қўшишлари мумкин.

Контактлар учун профил суратлари

Аввал айтганимиздек, ушбу янгиланиш билан сиз контактларингиз профилига ўзингиз хоҳлаган расмни қўйишингиз, шу билан бирга, уларга ушбу расмдан ўз профилларида фойдаланишларини таклиф қилишингиз мумкин.

Оммавий профил суратлари

Агар профил суратингизни кўришни фақат маълум бир одамлар учун очиқ қилган бўлсангиз, қолганлар учун оммавий профил сурати танлашингиз мумкин. Ушбу функцияни Созламалар > Махфийлик ва хавфсизлик > Профил расми бўлимидан топишингиз мумкин.

Гуруҳ аъзоларини беркитиш

Янгиланиш билан 100 дан ортиқ обуначиларга эга гуруҳ администраторлари энди аъзолар рўйхатини беркитиб қўйишлари мумкин. Ушбу функция аноним бўлмаган админлар учун амал қилмайди.

Android учун иловада янгиланган анимациялар

Android учун Telegram иловасига жавоб қилинган хабарларга ўтишда ва яна айрим линкларни очишга равон анимациялар қўшилган.

Янги анимацияли эможилар

Кутилганидек, ушбу янгиланиш махсус анимацияли эможиларнинг 10 та янги тўпламини ўз ичига олади.

Янги интерактрив эможилар

Юқоридаги анимацияли эможилар Premium обуна эгалари учун бўлса, қуйидаги эможиларнинг анимацияли варианти (чатда якка ҳолда юборилса) ҳамма учун чиқарилган: 🎅🎄☃️💅🗿🆒🤪

Айни дамда янгиланиш барча учун тарқатилмоқда. 

ЎҚИНГ: Машҳур YouTuber 2022 йилги энг яхши смартфонларни аниқлади