Ниҳоят, OnePlus 6T намойиш этилди: дактилоскопли экран, яхшиланган камера ва сиғимдор аккумулятор!

  •   DiMaX
  •  1046
  •  30.10.2018 09:35

Ниҳоят, OnePlus 6T намойиш этилди: дактилоскопли экран, яхшиланган камера ва сиғимдор аккумулятор!

«Флагманлар кушандаси» дея таърифланувчи смартфонлар чиқарувчи OnePlus компанияси, ниҳоят, навбатдаги флагманини тақдим этди. Аслида бу намойиш тадбири бугун ўтказилиши режалаштирилган эди, аммо Apple сабабли уни бир кун олдинга суришга тўғри келган.

ЎҚИНГ: OnePlus 6T: ишлаш қобилияти тестдан ўтказилди ва барчаси аён бўлди

Хулласи калом, Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида намойиш қилинган OnePlus 6T флагманининг хусусиятларига тўхталиб ўтамиз. Аввало, сўнгги йиллардаги трендга эргашиб, компания бу смартфонини 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқишидан маҳрум қилган. Аммо унинг жамланмасида тегишли USB-C портига 3,5 мм.лик қулоқчин штекерини улаш учун тегишли переходник ҳам мавжуд. Бундан ташқари, компания 20 долларлик, OnePlus Bullets русумли, USB-C портли қулоқчин ҳам тақдим этган.

OnePlus 6T моделининг энг ўзига хос қисмларидан бири – унинг диагоналига 6,41 дюймлик экранидир. Тасвир аниқлиги 2280х1080 пикселни ташкил этувчи дисплейнинг тепасида томчисимон «кемтик» мавжуд. Шунингдек, экраннинг пастки ярмида ишловчи дактилоскопик сканерини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли. Ушбу сенсор жуда тез ишлайди – бармоқ изини 0,34 сониядаёқ таниб олади.

Смартфонга 3700 мА/соатлик ток сиғимига эга аккумулятор ўрнатилган, бу эса OnePlus 6 моделидагидан 12 фоизга ошиқ. 20 ваттлик Dash Charge ёрдамида атги 30 дақиқада OnePlus 6T бир кун ишлашига етарли қувват ола билади.

Камеранинг аппарат қисмлари худди OnePlus 6 моделидаги сингари – бош камерага 16 ва 20 мегапикселли, F/1,7 диафрагмали датчиклар ўрнатилган. 20 мегапикселлик олд камера диафрагмаси эса F/2,0 га тенг. Аммо камера дастурий таъминоти яхшиланган, шунинг эвазига у HDR ёқиқ ҳолда янада яхши суратлар олишга қодир. Шунингдек, янги – Nightscape режими тунда ҳам аниқ расмлар олиш имконини беради. Булардан ташқари, худди iPhone XS флагманидаги сингари студиядаги ёруғлик режими ҳам қўшилган. OnePlus 6T камерасининг янги имкониятларидан бири – у сониясига 60 кадр тезлигида 4K-видео ёзиб олишни ўрганган. Шунингдек, сониясига 480 кадрлик тезлик билан 720p сифатида роликлар ёзиш имкони ҳам сақлаб қолинган.

Янги флагманнинг «электрон юраги» тарзида якка кристалли Snapdragon 845 процессори танланган. OnePlus 6T тезкор хотираси 6 ёки 8 гигабайтлик, доимий хотираси эса 128 ва 256 гигабайтлик вариантларда таклиф этилади. Яхши жиҳатларидан бири – унга бошиданоқ Android операцион тизимининг энг янги – 9.0 Pie талқини базасидаги OxygenOS прошивкаси ўрнатилган. У смартфонни экрандаги бармоқ ишоралари орқали бошқаришни ҳам қўллаб-қувватлайди.

OnePlus 6 ҳамда OnePlus 6T

Базавий версиядаги – 6 ГБ тезкор ва 128 ГБ флэш-хотирали OnePlus 6T қурилмасининг нархи 549 доллардан бошланган. Янги флагманнинг 8/128 гигабайтлик ўрта талқини учун 579 доллар, энг юқори – 8/256 гигабайтлик версияси учун эса 629 доллар тўлашга тўғри келади. Мазкур «асло қотмас» смартфон АҚШда 1 ноябрдан, Европада эса 6 ноябрдан савдога чиқади. Дастлаб уни фақат икки хил – жилосиз ва жилодор қора тусли вариантларда чиқаришади, кейинроқ бошқа рангларда ҳам тақдим этилади.

ЎҚИНГ: Google иловалари пулли бўляпти – энди смартфонлар қимматлайдими?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!