Туғилмасидан аввал ўлди: Nvidia'нинг RTX 40 сериясидаги янги тақдим қилинган видеокарта сотувга чиқарилмайдиган бўлди

Туғилмасидан аввал ўлди: Nvidia'нинг RTX 40 сериясидаги янги тақдим қилинган видеокарта сотувга чиқарилмайдиган бўлди

Nvidia ўтган ойда ўзининг RTX 4080 видеокартасини 12 ГБ ва 16 ГБ вариантларда чиқарганида сиз ҳам довдираб қолганмидингиз? Албатта, битта ном остида икки хил хотирали видеокартанинг бўлишини ҳаммани гангиратиб қўяди. Компания ҳам шу фикрда ва шунинг учун ҳам Nvidia ўзининг RTX 4080 12 ГБ видеокартасини сотувга чиқармасликка қарор қилди.

Компаниянинг маълум қилишича, "12 ГБ хотирали RTX 4080 ажойиб график карта, лекин у тўғри номланмаган" ва 4080 номи остида иккита видео карта бўлиши чалкашликни келтириб чиқаради.

"Шунинг учун, биз 12 ГБ хотирали 4080 га "ишга туширмаслик" тугмасини босамиз." дейди Nvidia ўзининг блог постида.

RTX 4080 12 ГБ нинг кучлироқ варианти, 16 ГБ хотирали RTX 4080 эса 16 ноябрдан дўкон пештахталарига ёлғиз ўзи чиқади. Таъкидлаш жоизки, икки модел ўртасида сезиларли даражада фарқ бор. RTX 4080 12 ГБ модели 7680 CUDA ядроси, 2,61 гигагерцгача чиқа оладиган 2,31 гигагерцли базавий частота, 639 Tensor-TFLOP, 92 RT-TFLOP ва 40 Shader-TFLOP'ни ўз ичига олган ва у 899 доллар нархда сотувга чиқарилиши кутилаётган эди. RTX 4080 16 ГБ эса бундан анча кучлироқ: 9728 CUDA ядролари, 2,51 гигагерцгача чиқа оладиган 2,21 гигагерцли базавий частота, 780 Tensor-TFLOP, 113 RT-TFLOP ва 49 Shader-TFLOP. Нархи ҳам "кучли" албатта - 1,199 доллар. 

Шунингдек, компания ўзининг 1,599 доллар нархдаги RTX 4090 видеокартаси учун дўконларда пайдо бўлган навбатларга қараб айтишича, 12 ГБ хотирали RTX 4080'сиз ҳам RTX 4080 (16 ГБ) сотувлари ажойиб бўлади.

Шундай қилиб, агар RTX 40 сериясидан арзонроқ нархдаги модел сотиб олишни ният қилган бўлсангиз, энди уни яна бир қанча муддат кутишингиз керак, чунки компания RTX 4080 12 ГБ моделини бошқа ном билан қайта сотувга чиқариши мумкин.

ЎҚИНГ: Энди Windows'да экранни ёзиб олиш учун қўшимча дастур ўрнатиш шарт эмас

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!