Огоҳ бўлинг! Galaxy S10 ва Note10'ларнинг ўта катта камчилиги топилди!

Огоҳ бўлинг! Galaxy S10 ва Note10'ларнинг ўта катта камчилиги топилди!

Революцион эканлиги кўп таъкидланаётган Galaxy S11 флагмани устидаги ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Ваҳоланки, аввалги моделлар билан қатор муаммолар ора-ора пайдо бўлиб турибди. Худди шундай муаммолардан бири ҳақида Galaxy S10 ва Note10 фойдаланувчилари, албатта, хабардор бўлишлари шарт.
BleepingComputer сайти томонидан Galaxy S10 смартфонининг бармоқ изи сканерида хавфсизликка доир каттагина камчилик борлиги ошкор қилинди. Тасодифан анқиланган ушбу муаммо шуки, қурилманинг сўнгги авлод бармоқ изи сканери аутентификациясини арзон-гаров силикон ғилоф ёрдамида осонликча четлаб ўтиш мумкин. Телефоннинг ҳам олд, ҳам орқа томонини қопловчи 3,5 доллар атрофидаги ушбу ғилоф бармоқ изи сканерини “чалғитиш“ хусусиятига эга. Бунинг натижасида, сканер ҳар қандай бармоқ изида ҳам экран қулфини очиб юборади. Бундан ташқари, банк иловаларида ҳам бармоқ изи биометрик маълумотларидан фойдаланилади. Бу эса ушбу вазиятда хакерга фойдаланувчининг кредит картаси ва банк ҳисобига кириш имконини яратиб беради.
Муаммо фақат S10'нинг ўзида эмас. Ушбу линейкадаги бошқа қурилмалар ҳам синаб кўрилганда, уларда ҳам айни камчилик аниқланди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Энг сўнгги Galaxy Note10 ва Note10+ ларга ҳам айнан мана шундай датчик қўйилган. Демак, уларда ҳам худди шундай муаммо бўлиши аниқ.
The Sun нашри ушбу камчиликни видеода кўрсатиб берганидан сўнг, Samsung'нинг мижозлар билан ишлаш бўлими бу муаммони тан олди ва расмий баёнот эълон қилди. “Ушбу муаммо компания ичида ўрганиб чиқилмоқда. Барча мижозлардан Samsung маҳсулотлари учун махсус ишлаб чиқарилган ва компания тасдиғидан ўтган аксессуарлардан фойдаланишни маслаҳат берамиз“, дейилади баёнотда.
Масаланинг қизиқ жиҳати шуки, Galaxy смартфонларининг ультратовушли бармоқ изи сканерлари ҳозирга қадар энг ишончли экраности сканер бўлиб келган эди. Компания ушбу камчиликни (фойдаланувчига махсус дастур жўнатиш орқали) ҳал қилиш-қилмаслиги ҳозирча номаълум, бироқ бу борада бирор ҳаракат қилинмаса, Samsung катта муаммо гирдобида қолиши шубҳасиз.
Galaxy S11, таъкидланаётганидек, мисли кўрилмаган камера модули, янгича дизайн, кейинги авлод хотира сиғими ва ҳоказоларга эга бўлиши мумкин, лекин уни ҳам қандайдир 3 долларлик ғилоф билан бузиб кириш мумкин бўлса, Samsung'нинг ўрнига Apple ёки Google смартфонларини танлаш маъқулроқдир.

ЎҚИНГ: Samsung экраности селфи камерали смартфонлар чиқаришни кейинги йилданоқ бошлайди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!